Ссылки доступа

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби жўнлашади


Ўзбекистонлик сенаторлар мамлакатда тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини такомиллаштиришга оид қонунни маъқулладилар.

“Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади, Сенат ахборот хизматининг қайд этишича, тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, шаффофликни ошириш орқали коррупция омилларининг олдини олишдир.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексига фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра юридик шахсни тугатиш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, тугатувчи юридик шахснинг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги эълонда унинг кредиторлари талабларини билдириш тартиби ва муддатлари кўрсатилади. Бу муддат тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG