Ссылки доступа

Суриштирув изидан: ҚР МХДҚ бош вазир, икки депутатни сўроққа чақирди


МХДҚ гувоҳ сифатида парламент депутатлари Алтинбек Сулайманов ва Дуйшон Торокулов, собиқ депутат, «Умут-2020» ҳаракатининг асосчиси Ширин Айтматова, шунингдек президент инаугурациясини ўтказиш ишчи гуруҳининг аъзолари Фарид Ниязов, бош вазир Мухаммедқалий Абилгазиевни сўроққа чақирди.

Муассасалараро тергов гуруҳи журналистик суриштируви юзасидан ҚР Жиноят кодексининг “Суиқасдга уриниш” моддаси бўйича судга қадар тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда МХДҚ матбуот хизмати маълум қилди.

Сўроққа «Азаттық» радиосининг икки ходими Мухаммедали Тоқтакунов ва Идирис Исаков ҳам чақирилди. Тоқтакунов «Азаттық»нинг Прагадаги бош идорасида доимий асосда ишлайди. Исаков эса 2020 йилнинг февралига қадар Прагада командировкада бўлади. «Азаттық Медиа» ташкилоти шов-шувли журналистик суриштируви юзасидан хуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Журналистлар айни дамда хорижда бўлганликлари боис видеоалоқа орқали барча саволларга жавоб беришга тайёрликларини билдиришди.

2019 йилнинг май ойида эълон қилинган «Азаттық» суриштирувида келиб чиқиши уйғур бўлган хитойлик тадбиркор Айеркен Саймаити иштирокида шубҳали йўллар билан Қирғизистондан умумий қиймати 700 миллион доллар олиб чиқиб кетилгани айтилади.

Мазкур суриштирувнинг иккинчи қисми шу йилнинг21 ноябрь куни эълон қилинди, унда бу маълумотларни журналистларга Айеркен Саймаитининг ўзи бергани таъкидланади. Унинг айтишича, бу маблағларнинг олиб чиқиб кетилишига Давлат Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов ҳам алоқадордир.

Бундан аввалроқ Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Давлат хизмати (финполиция) ҚР орқали олиб чиқиб кетилган пуллар 932 миллион 736 минг доллар эканлигини маълум қилди.

Райимбек Матраимовнинг ўзи баёнот бериб хориждан Қирғизистонга келиб, ўзи ҳақидаги саволларга жавоб беришга тайёрлигини айтди. Унинг қўшимча қилишича, «Азаттық»да эълон қилинган материаллар нотўғри ва буни исботлашга тайёр.

29 ноябрь куни Матраимов Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси (МХДҚ)га сўроққа чақирилди. Унинг махсус хизмат биносига кириб кетаётгани акс этган сурат ҳам эълон қилинди. У сўроқда беш соат бўлди ва МХДҚ биносидан 19:40ларда чиқди. У кўчада кутиб турган журналистларнинг саволларига жавоб беришни истамади.

XS
SM
MD
LG