Ссылки доступа

ЖБ Тожикистон иқтисодиёти пасайишини прогноз қилди


Жаҳон банки 2020 йилда Тожикистонда иқтисодий ўсиш пасайишини прогноз қилди. Молиявий институт таҳлилида шу йилнинг уч чорагида Тожикистон иқтисодиётида ўсиш бўлгани таъкидланади. Жаҳон банки прогнозига кўра, бу йил Тожикистон ЯИМи 7,2%ни ташкил қилади.

Бироқ келаси йили ва 2021 йилда Тожикистон ЯИМининг ўсиш суръати пасая бошлайди, дейилади таҳлилда. ЖБ мутахассисларининг фикрича, бу Россиядаги иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши ва жаҳон бозорида хом-ашё нархининг тушиб кетиши билан боғлиқдир. Чунки Тожикистон иқтисодиёти РФ иқтисодиётига боғланиб қолган – Россияда 500 мингдан 1 миллионгача Тожикистон аҳолиси меҳнат қилади ва юртларига пул юбориб туришади.

Россия Марказий банкининг маълум қилишича, 2018 йилда жисмоний шахслар томонидан Тожикистонга юборилган пул ўтказмаларининг ҳажми 2,5 млрд долларни, 2019 йилнинг биринчи ярмида эса 1,1 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2013 йилга нисбатан икки баробар камдир, ўша йили мигрантлар Тожикистонга 4 млрд доллардан кўпроқ пул юборишган эди. Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги можаролар туфайли Ғарб томонидан жорий қилинган санкциялар оқибатида Россияда юзага келган иқтисодий инқироз нафақат иқтисодий кўрсатикичларга, балки меҳнат бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

ЖБ яқин икки йилда Россиядан пул ўтказмалари ҳажми қисқариб кетишини прогноз қилмоқда, бироқ фойдали қазилмалар, қурилиш ва саноат мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга сабаб бўлишини ҳам истисно қилмаяпти.

ЖБ инфратузилмалар тараққиёти ва янги объектлар, жумладан Роғун ГЭСи қурилишига янги кредитлар жалб қилишнинг салбий оқибатларидан ҳам огоҳлантирмоқда. 2019 йил бошида ЖБ иқтисодчилари истиқболдаги ўрта муддатда Тожикистонга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқимининг паст кўрсаткичи сақланиб қолиши ва капиталнинг чиқиб кетишини прогноз қилган эди.

Тожикистон ҳукумати яқин уч йилда умумий қиймати $1 млрд бўлган ташқи кредитларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

XS
SM
MD
LG