Ссылки доступа

Тожикистонда фуқаролар қариндошларидан келган пул ўтказмаларини ололмаяпти


Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари ўзларига Россиядан юборилган пул ўтказмларини ололмаяптилар. Душанбе ва бошқа шаҳарларда кредит муассасалари олдида узундан узун навбатларни кўриш мумкин.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, пул ўтказмалари “Золотая корона”, “Близко”, MoneyGram ва Western Union тўлов тизимлари орқали юборилган.

Тожикистонда 3 декабрдан бошлаб мамлакат Миллий банки қошида пул маблағларини ўтказиш бўйимча Миллий процессинг маркази (МПМ) ишлай бошлади. Бу дегани барча трансчегаравий, жумладан Россиядан пул ўтказмалари фақат МПМ орқали амалга оширилишини ва ТМБ уни назорат қилишини англатади. Миллий банкнинг изоҳ беришича, шу тариқа расмийлар маҳаллий банклар ва аҳолини тўлов тизимлари орқали берилган пулларни қайтарилмаслигидан ҳимоя қилмоқчи.

Куни кеча Тожикистон Миллий банки баёнот бериб, 3 декабрдан бошлаб Тожикистонга ва Тожикистондан бошқа мамлакатларга пул ўтказмалари яқинда ташкил қилинган миллий ўтказмалар тизимига қўшилишга қарор қилган "Юнистрим", Western Union ва Contact тизимлари орқали амалга оширилишини маълум қилган эди.

Бироқ сешанба куни Western Unionнинг Москвадаги ваколатхонаси Радио Озодига, Тожикистонга “бу мамлакат расмийларига боғлиқ” сабабларга кўра пул юборилишини тўхтатганликларини маълум қилди. Муассаса бошқа изоҳ бермади.

3 декабрь куни Россия ОАВ Contact, Western Union ва "Близко" тўлов тизимлари Тожикистонга пул ўтказмаларини тўхтатгани ҳақида хабар берди.

Тожикистондаги йирик банкларнинг тасдиқлашларича, аҳоли Western Union, Contact, "Золотая корона" ва MoneyGram тизимлари орқали юборилган пулларни ололмаяпти. Айни дамда "Эсхата”, “Арванд”, “Спитаменбонк”, “Коммерцбанк” банклари ходимларининг сўзларига қараганда, фақат "Юнистрим" тизими ишламоқда. Банклардан бирининг хабар қилишича, Contact тизими орқали юборилган пулларни олиш мумкин.

Тожикистон аҳолиси сешанбадан бошлаб бошқа мамлакатларда яшовчи қариндошлари ва яқинларига пул жўната олмаётганликларидан шикоят қилишмоқда. “Спитаменбонк”нинг тасдиқлашича, айни дамда "Юнистрим" орқали бошқа мамлакатларга пул жўнатиб бўлмаяпти.

Бундан аввал Тожикистон Миллий банки МПМ ташкил қилиниши борасида изоҳ берар экан, пул ўтказиш соҳасидаги асосий ўзгаришлар ҳақида маълум қилган эди. Ўзгаришлар шундан иборатки, пул ўтказиш билан шуғулланувчи ташкилотлар Тожикистон бозорида ишлашлари учун бир нечта талабни бажаришлари керак бўлади: Миллий ўтказиш тизими иштирокчиси бўлиши керак, Миллий банкда ҳисоб очишлари ва пул ўтказишлари керак. Тожикистондаги мазкур тўлов тизимида нақд пул бўлган тақдирдагина олувчиларга пул берилади, акс ҳолда юборувчиларнинг, масалан мигрантларнинг қариндошлари пулларни ололмайди. Миллий банк маъсулларининг айтишларича, янги пул ўтказмалар тизимининг очилишидан кўзланган мақсад «тез, хавфсиз ва барқарор равишда нақдсиз пулларни ўтказиш» учун шароит яратишдан иборат. Бундан аввал Россия пул ўтказиш Миллий Ассоциацияси мутахассислари Тожикистонда жорий қилинаётган пул ўтказиш тизими халқаро стандартларга мос келмаслигини айтишган эди.

Душанбеда фаолият юритувчи пул ўтказиш тизимига кирадиган мазкур уюшма раҳбари Мария Михайлованинг Радио Озодига айтишича, янги тўлов тизими жорий этилиши муносабати билан Тожикистон қўяётган талаблар Россия қонунларининг бир нечта ҳолатларига зиддир ва шу сабабли тўлов тизимининг талабларини бажариб бўлмайди.

Айни дамда Россияда 500 мингдан 1 миллионгача Тожикистон аҳолиси меҳнат қилади ва юртларига пул юбориб туришади.Тожикистон Миллий банкининг илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровларга кўра, қариндошлари ва яқинларининг пул ўтказмалари мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғининг асосий манбаи ҳисобланади. 2019 йилнинг тўққиз ойида Тожикистонга меҳнат мигрантларидан $2 млрд 490 млн.дан кўпроқ пул келган.

XS
SM
MD
LG