“Ватан” дастурида 3 декабрь куни намойиш қилинган лавҳада таъкидланишича, Миллий Ҳавфсизлик Кенгашининг мажлисида Муликов ҳибсга олингани борасида Туркманистон бош прокурори Батир Атдаев маълум қилган. ТВда шунингдек қўлида кишани бўлган ва сочи тақир қилиб олинган вазирнинг тавба қилаётгани ҳам кўрсатилган.
«Мен, Исгендер Муликов, 2009 йилдан 2019 йилга қадар жиноятчиликка қарши курашга маъсул бўлган ички ишлар вазири лавозимида ишлаганимга қарамай очкўзлигим сабаб хизмат ваколатларимини хиёноткорона суиистьемол қилдим ва пора олдим, уйни ўзлаштирдим. Бош қўмондонимиз ишлаш ва яшаш учун барча шароитларни яратиб қўйганига қарамай мен ноҳалол йўлни танладим ва катта миқдорда пора олдим. Жиноятларим фош қилинганидан сўнг мен қонун асосида жиноий жавобгарликка тортилдим. Мен ўз қилмишларимни тан оламан ва тавба қиламан», деди Муликов.
Хабарлага кўра, собиқ вазирнинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган мулки давлат фойдасига мусодара қилинган.
Эслатиб ўтамиз, президент Гурбангули Бердимуҳамедов Муликовни 1 октябр куни Миллий Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида мансабидан озод қилган эди. Ўшанда Бердимуҳамедов собиқ вазирни мажлис залидан ҳайдаб чиқарган эди.
Ишдан бўшатилганидан кейин унинг ҳибсга олингани ва ҳукм қилингани борасида тасдиқланмаган турли хабарлар тарқатилди. Бу хабарларга кўра, вазир 25 йил озодликдан маҳрум қилинди. Аммо давлат телевидениеси Муликовга чиқарилган ҳукм тафсилотларини маълум қилмади.
Бош прокурор Туркманистн собиқ Миграция давлат хизмати раҳбари Мейлис Нобатов ҳам ҳибсга олиниб, ҳукм қилинганини маълум қилди. Turkmen.news нашрининг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Нобатов президент хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Бироқ, телевидение диктори Нобатов президент хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилганини эслатмади. Ҳукм қилинган собиқ амалдорнинг айтишича, ўз жиноятларини 2015-2019 йилларда «юқори лавозимда ишлаган вақтида» содир қилган.