Ссылки доступа

Ҳисобот: Қирғизистондаги суриштирув фигуранти яширин курьерлик тармоғи орқали миллионлаб пулларни олиб чиққан


Ўтган ойда Туркияда ўлдирилишидан аввал ноқонуний пулларни қонунийлаштириш ва бир миллиардга яқин долларни олиб чиққанини тан олган тадбиркор Қирғизистондан ўн миллионлаб нақд пулларни олиб чиқиб кетган яширин курьерлик тармоғини ҳам бошқарган.

Бу Азаттықнинг қирғиз таҳририятининг OCCRP ва Қирғизистоннинг Kloop янгиликлар сайти билан биргаликда олиб борган қўшма суриштирувларидаги этник уйғур Айеркен Саймаити билан интервью ва ҳужжатларда аниқланди. Тадбиркор 10 ноябрь куни Истамбулда ўлдирилди. У қаҳвахонада отиб ташланди.

Ўлдирилишидан аввал Саймаити журналистларга банк ҳужжатлари ва ички бухгалтерлик дафтарларини беришга улгурди. Уларда Қирғизистондан қандай қилиб юз миллионлаб долларни олиб чиқиб кетгани ҳақида батафсил маълумот берилган. Унинг таъкидлашича, ноқонуний пулларни қонунийлаштиришда Қирғизистон божхона идораларининг ходимлари ҳам иштирок этган. Саймаитининг баёноти ва ҳужжатларга асосланган учта ахборот ташкилоти томонидан 21 ноябрь куни эълон қилинган суриштирув Қирғизистон жамиятида шов-шувларга сабаб бўлди ва бир нечта жиноий иш очилишига олиб келди. Ўз навбатида Қирғизистон хукумати бу ҳисоботда эълон қилинган маълумотларни тергов қилиши юзасидан баёнот берди.

Янги Ҳисоботда таъкидланишича, 37-ёшли Саймаити ишчилар синфи вакилларидан иборат одамлар гуруҳига раҳбарлик қилган. Бу одамлар мунтазам равишда Қирғизистондан Туркияга парвоз қилиб қўл сумкаларида миллионлаб долларларни олиб ўтишган, улар нақд пулларни ўзларининг шахсий пуллари сифатида декларация қилишган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Сайматининг курьерларидан бири, нақд пул олиб ўтиш билан шуғулланган39-ёшли Хусан Керимов октябрь ойида Манас аэропортида турган ўз машинасида ўлик ҳолда топилган эди. Унинг қўллари боғланган ва калтакланган жасади машина юкхонасидан топилди.

XS
SM
MD
LG