Ссылки доступа

Қозоғистон президенти «Қримда юз берган ҳодиса»ни аннексия дея ҳисобламаслигини айтди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Украинадан аннексия қилинган ва ярим оролнинг Россиянинг таркибий қисмига айланишига олиб келган 2014 йил мартида юз берган ҳодисани "аннексия" деб ҳисобламаслигини айтди.

"Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия деб ҳисобламаймиз. Бўлган иш бўлди. Аннексия – Қримга нисбатан қўлланиладиган қўпол сўз", – деди Тоқаев.

Украинада юз берган ҳодисалардан Қозоғистон ҳукумати қўрқиб кетдими, деган саволга жавоб берар экан, у ҳеч қандай қўрқув бўлмаганини айтди:

"Таъкидлаб ўтганимдек биз Россия Федерацияси билан мутлақ ишончли, яхши қўшничилик муносабатларига эгамиз. Аввал бошданоқ биз Россия раҳбариятининг донишмандлиги, одиллигига ишонганмиз", – дея қўшимча қилди Тоқаев.

Россия 2014 йил мартида Украинанинг Қрим ярим оролини ҳарбий либосда бўлган қуролли одамлар (“мулойим кишилар”) иштирокида ўтказилган “референдум” натижаларига кўра аннексия қилди. Референдумда Россияга қўшилишни ёқлаб Қримдаги сайловчиларнинг 96,77% и ва Севастополь аҳолисининг 95,6%и овоз берди. Шундан сўнг кўп ўтмай, 1991-92 йилларда Қора денгиз флотига қўмондонлик қилган истеъфодаги адмирал Игорь Касатонов РИА Новостига интервью берди ва Қора денгиз флоти 2014 йилнинг баҳорида Қрим аннексияси учун плацдармга тайёргарлик кўрганини, флотнинг Севастополь базаси эса “мулойим кишилар”ни олиб киришда фойдаланилганини тан олди.

Халқаро ташкилотлар Қрим аннексия қилинганини тан олади ва Россия ҳаракатларини танқид қилади, Ғарб мамлакатлари эса Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилди. Украина ҳамон ярим оролни ўзиники дея ҳисоблайди, фақат вақтинча оккупация қилинган ҳудуд дея тан олади.

XS
SM
MD
LG