Тергов томонидан терактнинг бош ташкилотчиси сифатида кўрилган Қирғизистонда туғилган ва Россия фуқороси бўлмиш 29-ёшли Аброр Азимов умрбод қамоққа ҳукм қилинди.
Унинг акаси, Қирғизистонда туғилган ва Россия фуқороси бўлмиш 31-ёшли Акрам Азимов 28 йил қаттиқ режимли муддат олди. Қирғизистон фуқороси 28-ёшли Муҳамадюсуп Эрматов 28 йил озодликдан маҳрум қилинди. Унинг укаси Қирғизистон фуқороси 26-ёшли Ибрагимжон Эрматов 27 йил колонияда ўтирадиган бўлди. Тожикистон фуқороси 41-ёшли Содиқ Ортиқов 22 йил колонияга ҳукм қилинди. Ўзбекистон фуқороси 48-ёшли Шоҳиста Каримова 20 йил колонияга ҳукм қилинди. Ўзбекистон фуқороси 25-ёшли Аъзамжон Маҳмудов 20 йил колонияда жазо муддатини ўтайди. Қирғизистон фуқороси 22-ёшли Дилмурод Муидинов 20 йил колонияга ҳукм қилинди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган, Россия фуқороси 24-ёшли Муҳамадюсуф Мирзаалимов 20 йиллик колонияга маҳкум бўлди. Қирғизистон фуқороси 41-ёшли Сайфилла Хакимов 19 йил қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинди. Қирғизистон фуқороси 41-ёшли Баҳром Эргашев ҳам 19 йил колонияда умрини ўтказадиган бўлди.
Бундан ташқари судланувчиларнинг ҳаммаси 800 минг рублгача йирик миқдорда жаримага тортилдилар.
Петербург метросининг "Сенная площадь" ва"Технологический институт" бекатлари оралиғидаги перронда теракт 2017 йилнинг 3 апрелида юз берди. Ўшанда 16 киши, жумладан ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи – Қирғизистонинг Ўш шаҳрида туғилган 22- ёшли Акбаржон Жалилов ҳам вафот этди.
Тергов қўмитаси теракт "радикал исломий террор гуруҳларидан бири" — "Катиба Таухид валь-Жиҳад" томонидан ташкиллаштирилгани ҳақида баёнот берди.Бу гуруҳ терактдан икки йил ўтибгинга террор ташкилоти дея тан олинди. Аммо Петербург метросидаги портлашлар учун маъсулиятни ҳеч бир гуруҳ ошкора ўз зиммасига олмади. Тергов қўмитаси ўз баёнотларида "террор актининг буюртмачиси, ташкилотчиси ва ижрочилари бир бирлари билан таниш бўлмаганликларини, аммо замонавий коммункация воситалари орқали ўзаро алоқа ўрнатганликларини" таъкидлаб келади. Жиноий ишнинг бош фигурантлари сифатида ака-ука Акрам ва Аброр Азимовлар кўрилади.
Терговнинг таъкидлашича, Аброр Азимов портловчи қурилма тайёрлаш учун 122 минг рублни ўзини ўлимга маҳкум қилган Акбаржон Жалиловга "Катиба Таухид валь-Жиҳад" раҳбари Мухтар Маҳбубов (Аҳмад) номидан берган, хамда теракт уюштириш учун инструкция юборган. Терговнинг маълум қилишича, Акбаржон Жалилов бомбалардан бирини "Площадь Восстания" бекатига ўрнатган, бироқ бу бомба портламай қолган, иккинчи бомба билан эса поездга ўтирган.
Шоҳиста Каримова Аброр Азимов билан биргаликда Москва вилоятидаги қаҳвахоналардан бирида ишлаган. Терговнинг таъкидлашича, у "террорчиларни алоқа воситалари билан таъминлаган" - 2017 йилнинг 31 март куни у Азимовга ўзининг телефонини берган. Азимов телефонга сим картни жойлаштирган ва фаоллаштирган. Бу сим-картга Аброр WhatsApp ваQiwi-ҳамёнда аккаунт очган, бу орқали Жалилов билан мулоқот қилган ва унга пул ўтказган.
Тергов маълумотларига кўра, қолган тўққиз нафар айбланувчи "терор гуруҳи фаолиятига жалб қилинган: қурол ва портловчи моддаларни сотиб олиб уйларида сақлаган".
Эшитувлар вақтида Аброр Азимов шантаж орқали террорни ташкиллаштиришни тан олишга мажбурлашганини айтди.Унинг сўзларига қараганда, ФХХ ходимлари терактда қўлланилган портловчи мосламани отасининг ёнига солиб қўйишларини айтишган.
"Мен ўзимни чўктиришга мажбур бўлдим, чунки менга таҳдид қилишди", – деди судда Азимов. Текшириш учун "Крест-2" тергов изоляторига борган Жамоат Кузатув комиссиясининг аъзолари у билан гаплашишга муваффақ бўлишди, Азимов расман ҳибсга олинишидан икки ҳафта аввал ўзини номаълум ертўлада электр токи билан қийноққа солганликларини айтди. Ишнинг бошқа фигурантлари ҳам"қалдирғоч" ва электр токи қийноқлари ҳақида гапиришди.