Ссылки доступа

ИИВ порносайтга кираётганларни шантаж қилаётган ҳакерлар фирибидан огоҳлантирди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги порносайтларга кирганлардан пул талаб қилинаётганига оид ҳолат юзасидан суриштирув бошлади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган вазирлик ахборот хизмати фойдаланувчиларни шантаж қилиши мумкин бўлган ҳакерлар ҳаракатидан огоҳлантирган.

“Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда”, дея билдираркан тартиб посбонлари ўзларининг бу ҳодисага мутлақо алоқалари йўқлигини таъкидлаганлар.

ИИВга кўра, вазирлик таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас, бунинг устига, “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

Вазирлик интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслик учун ўзбекистонликларни фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирган.

XS
SM
MD
LG