Ссылки доступа

ҚР парламентида Матраимовлар даъвоси бўйича ОАВ ҳисобларига жорий этилган ҳатлов бекор қилинишига чақирилди (видео)

Парламент депутати Жанар Акаев Бишкек шаҳар судига мурожаат қилиб Матраимовлар оиласи даъвоси бўйича «Азаттық» радиоси, журналист Али Токтакунов, 24.kg ва Kloop.kg нашрларининг банк ҳисоблари ҳатланиши борасида Свердлов туман судининг қарори бекор қилинишига чақирди.

«Матраимовлар учта медиага нисбатан судга даъво аризасини берди. Уларнинг судлашиш хуқуқи бор, ўзларининг ҳақлигини исботлашсин. Бироқ, Свердлов туман суди ариза берилиши биланоқ ОАВнинг банк ҳисобларини музлатиб қўйди. Бу нотўғри. Ҳушимизга келиб олишимиз керак», - дея 12 декабрь кунги парламент мажлисида баёнот берди депутат.

Парламентнинг яна бир депутати Мирлан Жээнчороев туман суди қарорини учта ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш дея баҳолади. Унинг фикрича, зудлик билан иккинчи инстанция судига мурожаат қилиш ва ҳисоблардаги ҳатловни бекор қилишга эришиш керак.

9 декабрь куни Матраимовлар оиласи шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик репутациясини ҳимоя қилиш ҳамда маънавий зарарни қоплаш мақсадида «Азаттық» радиоси, журналист Али Токтакунов, Kloop.kg ва 24.kg нашрлари устидан судга шикоят аризаси беришди. Эртаси куни жавобгарларнинг банк ҳисоблари ҳатланиши бораасида суд қарори чиқди, шикоятчилар 60 млн сом (859 минг долларга яқин) талаб қилмоқда:

«Азаттық Медиа» муассасасидан - 22,5 млн сом;

Муассаса журналисти Али Токтакуновдан – 10 млн сом;

«24.kg» ахборот агентлигидан - 15 млн сом;

«Клооп Медиа» жамоат жамғармасидан - 12,5 млн сом.

Матраимовлар даъвоси бўйича дастлабки суд мажлиси Бишкекдаги Свердлов туман судида 19 декабрга белгиланган. Ишни судья Жилдыз Ибраимова кўриб чиқади.

Ўз навбатида «Институт Медиа Полиси» баёнот бериб, Матраимовлар оиласининг учта ОАВга қарши даъво аризаси «бу мавзуни ёритишда бошқа ОАВларни қўрқитишга қаратилганини» маълум қилди. Ташкилот жавобгарларнинг банк ҳисобларининг ҳатланишини ОАВга «босим» сифатида баҳоламоқда.

Институтнинг таъкидлашича, суд идораларининг мустақиллиги улардан адолатли суд ҳукмини чиқаришни ва томонларнинг хуқуқларига амал қилинишини талаб қилади.

Ташкилот шунингдек, ОАВ банк ҳисобларининг хатланиши нима учун зарур деган саволни ўртага ташлади. «Институт Медиа Полиси»нинг таъкидлашича, маънавий товон белгилаш масаласида даъво аризасини қаноатлантиришда суд ақл-идрок, адолат ва товон миқдорининг мутаносиблигига таяниши керак. «Ҳисобларнинг ҳатланиши борасидаги суд қарори шубҳасиз, конститутцияга зид ва асоссиз аралашув сифатида баҳоланиши керак», - дейилади баёнотда.

XS
SM
MD
LG