Ссылки доступа

Имон Каримова онаси тақдирини ҳал қилиш Саида Мирзиëевага топширилганини иддао қилди


Айни кунларда Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан янги тергов бормоқда. Бу ҳақда ўтган ҳафта Бош прокуратура ва Каримова командаси маълум қилди.

Ҳозиргача бир неча марта судланиб¸ Зангиота колониясида қамоқ жазосини ўтаëтган Гулнора Каримова янги ишда 255 та жиноят эпизодини содир этганликда айбланаëтган уюшган гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.

Бораëтган янги терговни Бош прокуратура қошидаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Расул Йўлдошев олиб бормоқда.

12 декабрь куни Гулнора Каримованинг қизи Имон номига очилган Instagram саҳифасида (бу саҳифани жорий ойдан бошлаб профессионал адвокатлар гуруҳи юритмоқда – таҳр.) терговчи Йўлдошевнинг мазкур ишга оид 1 ноябрь куни чиқарган қарори нусхаси эълон қилинди.

Фақат икки бети тақдим этилган бу ҳужжатда Гулнора Каримова устидан бораëтган терговнинг жиноят иши доирасидан каттароқ экани эътироф қилинган.

Ўзбекистон прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Расул Йўлдошевнинг 1 ноябрь кунги қарори “эксперт муассасасидан ташқарида комплекс экспертиза ўтказиш ва бу ишга мутахассисларни жалб қилиш ҳақида”.

"Комплекс экспертиза" тайинлашдан мақсад эса¸ ҳужжатда ëзилишича¸ Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупция жанжалининг Ўзбекистонга етказган ахлоқий ва иқтисодий зарарини ўрганиб чиқишдир.

Ўзбекистон Республикасига Гулнора Каримова томонидан етказилган ахлоқий ва иқтисодий зарар кўламини “тўлиқ ва объектив” аниқлаш учун¸ Йўлдошев¸ прокуратура ташқарисидаги экспертлар фикрига эҳтиëж борлигини айтади.

Гулнора Каримова устидан бораëтган янги тергов гуруҳи раҳбари Расул Йўлдошев 1 ноябрь кунги ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан “жиноят иши бўйича комплекс экспертиза ўтказиш” ҳақида қарор чиқаради.

АОКА раҳбарларидан бири президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëевадир.

Қарорда ëзилишича¸ Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга етказган зарари бўйича АОКА уюштирадиган “комплекс экспертиза”га Иқтисодиëт ва саноат вазирлиги¸ Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги¸ Ташқи ишлар вазирлиги қаторида Ëзувчилар союзи¸ “Ижтимоий фикр” сўров маркази¸ Маънавият ва маърифат маркази ҳам жалб қилинади.

Бу вазирлик ва муассасалар “эксперт”лари Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятида Ўзбекистонга зарар ва унинг ижтимоий имижи¸ иқтисодий манфаатларига шикаст етказган омиллар борми¸ бу зиëн қандай кўриниш ва қайси кўламда бўлган¸ деган мазмундаги саволларга жавоб беришлари керак.

Бу "экспертлар"га¸терговчи қарорида ëзилишича¸ Гулнора Каримовага оид жиноят иши материаллари тақдим этилади.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасида қўйилган изоҳда¸ Гулнора Каримова ишининг адолат ва қонун устуворлиги принциплари асосида ўтказилмаëтгани Ўзбекистон имижига ўнлаб марта кўпроқ зиëн етказаëтгани айтилади.

“Энг садоқатли масхарабозлар иштирокида ўтказилиши режаланган бу циркнинг ягона сабаби¸ Гулнора Каримовани сиëсий мотивлардаги тутқунликда ушлаш учун қўядиган модда (Жиноят кодексидаги моддалар назарда тутилмоқда – таҳр.) қолмаганидир”¸ дейилади терговчи Йўлдошев қарорига берилган Каримова томони изоҳида.

XS
SM
MD
LG