Ссылки доступа

Қозоғистон ИИВ митинглар арафасида фаолларнинг ушланиши ҳақида: «Бундай ҳаракатлар ҳар куни юз беради»


Қозоғистон ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев 13 декабрь куни 16 декабрь куни ўтказилиши белгиланган митинглар арафасида фаолларнинг қўлга олиниши ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бўйин товлади.

«Биринчидан, митинглар ҳали бошланмади. Бироқ, административ материаллар борку ахир. Улар бўйича ҳам қўлга олишмоқда. Бундай ҳодисалар бизда ҳар куни юз бераяпти», — дейди Озодлик журналистига вазир Тургумбаев ҳукумат тадбири доирасида. Унинг қайд этишича, 16 декабрь санаси ҳозирча келмади. Журналистнинг барибир қўлга олишлар ушбу сана арафасида юз бериб турибдику, деган саволига вазир савол билан жавоб қайтарди: «Буни сизга ким айтди?».

Ҳафта бошидан бери мамлакатнинг иккита йирик шаҳарларида — Алмати ва Нур-Султонда — 15 дан зиёд киши “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузиш” айблови бўйича 10 кундан 15 кунгача муддатга қамоққа олинди. Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар мазкур чораларни расмийларнинг 16 декабрь кунги кутилаётган норозилик акциялари олдини олиш ҳаракати ўлароқ баҳоламоқда. Ўтган ҳафтадан бери фаоллар бир неча бор қўлга олишларни тўхтатишга ва уларнинг тинч йиғилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмасликка чақиришмоқда.

Қозоғистон расмийларининг танқидчиси ва ва собиқ банкир Мухтор Аблязов томонидан асос солинган “Қозоғистоннинг Демократик танлови” ҳаракати олдинроқ Алмати ва мамлакатнинг бошқа қатор шаҳарларида 16 декабрь куни митинглар ўтказиш режасини эълон қилган эди. 2018 йили Қозоғистон бош прокуратураси сўрови билан қозоқ суди ҚДТни “экстремистик” ташкилот деб эълон қилди ва ташкилотнинг мамлакатдаги фаолиятини таъқиқлади. 2009 йилдан бери хорижда яшаётган Аблязов Қозоғистон судининг ҚДТни “экстремистик” ташкилот деб эълон қилиш қарорига қўшилмаслигини айтиб келади.

16 декабр санаси Алматидаги оммавий аксилсовет намойишларининг 33 йиллиги (ўшанда қозоқ ёшлари Совет Қозоғистони раҳбарлигига Кремль одами Геннадий Колбиннинг тайинланишига қарши чиққан) ва Жанаозен воқеаларининг саккиз йиллигига (2011 йилда расмийлар нефтчиларнинг иш ташлашини куч билан бостирган, расмий маълумотларга кўра, 17 киши – яна бир киши 17 декабр куни Мангистау вилоятининг Шетпе станциясида ҳалок бўлган) тўғри келмоқда.

Шу куни митинг ўтказиш нияти ҳақида илгарироқ «Oyan, Qazaqstan» ҳаракати ҳам эълон қилган, ушбу ҳафтада ҳаракат фаоллари кутилаётган митинглар олдидан босимга учраанликлари борасида баёнот беришди.

Халқаро ташкилотлар бир неча бор Қозоғистон расмийларини митинглар ўтказишга ҳалал бермаслик ва қонунчиликка ўзгартишлар киритишга чақириб келади.

XS
SM
MD
LG