Ссылки доступа

Триполида ҳарбий ўқув юртига берилган авиазарба оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди


Ливия пойтахти Триполида ҳарбий ўқув юрти биносига берилган авиазарба оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди, 33 киши жароҳат олди. Ливия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, асосан ўқув юртининг курсантлари ҳалок бўлди ва жароҳат олди. Зарба шанба куни курсантлар сафда турган вақтда берилди.

Ливия Миллий Келишув ҳукумати баёнот бериб, ҳужум учун маъсулият “Ливия Миллий армияси” қўмондони Халифа Хафтар тарафдорларига тушади. БМТ томонидан тан олинган амалдаги Ливия ҳукуматининг бош рақиби бўлмиш генерал Хафтар вакиллари бу айбловларни рад қилди.

Ливияда 2011 йилдан бери турли гуруҳлар ўртасида ички қуролли можаролар давом этмоқда. Кураш асосан халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Фаиз Саражнинг Триполидаги Миллий Келишув хукумати ва Тобрук шаҳрида қарор топган парламент томонилан қўллаб-қувватланадиган Абдалла Абдурраҳман ат-Тани бошчилигидаги Муваққат ҳукумат ва мамлакат собиқ қуролли кучлари бош қўмондони генерал Халифа Ҳафтар ўртасида бўлмоқда.

2019 йилда Ҳафтар Триполи қуршаб олингани ҳақида баёнот берди. Уни Россия, Франция, Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб-қувватлайди. Туркия парламентида овоз бериш якунланиши биланоқ Миср ташқи ишлар вазирлиги Анқаранинг Ливияга қўшин киритиш борасидаги қарорини танқид қилди.

XS
SM
MD
LG