Ссылки доступа

Туркманистонда ўқувчилар дарс ўрнига ишламоқда


Мари шаҳридаги ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчилари тез-тез дарсларни қолдирмоқда, чунки уларнинг кўпчилиги оилаларига моддий ёрдам бериш мақсадида ишлашади. Шу билан бирга айрим болалар ҳафтада бир марта мактабга боришади. Бу ҳақда Маридаги Азатлиқ мухбири хабар берди.

«Масалан, шахардаги автомобилларни ювиш шаҳобчаларида ишлаётган ўқувчиларни кўриш мумкин. Улар машиналарнинг усти ва ичини 20 манатга ювишади, ташқарисини ювиш учун уларга 10 манат беришади. Ишлаб топилган пулларнинг ярмини автомобилларни ювиш шаҳобчасининг эгасига беришади», - дея хабар беради Азатлиқ мухбири. (Туркманистон МБ курси бўйича 3,5 манат - $1 – таҳририят изоҳи).

Айни дамда мактаб ўқувчилари қишки таътилда. Азатлиқ мухбирининг таъкидлашича, ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларининг ўқиш даврида ҳам ишлашларига тўсқинлик қилишмайди. Шу тариқа айрим болалар ҳафтада бир марта мактабга борадилар.

«Ота-оналар фарзандларининг ишлашига қарши эмас, чунки кўплаб оилаларнинг моддий шароити оғир аҳволда. Шу сабабли болалар ҳафтада бир марта мактабга борадилар», дея қўшимча қилади мухбир маҳаллий аҳоли вакилларига таянган ҳолда.

Унинг сўзларига қараганда, бу болаларнинг ўқишга иштиёқи йўқ. Уларни аттестатларида ёмон баҳо пайдо бўлиши ҳам қизиқтирмайди.

Мухбир турли ишларда ишловчи бир нечта ўқувчилар билан суҳбатлашди.

«Болалардан биридан ишлаш аттестатдаги баҳоларга таъсир қилмайдими, дея сўраганимда у: «бизда олий ўқув юртига кириб ўқишим учун барибир пулимиз йўқ, шу сабабли мен учун аттестат оддий бир қоғоздир. Ҳозир эса агар ишламасам, оиламни ким боқади, деган ўй ташвишлантиради», дея жавоб қайтарди”, дейди мухбир.

Унга маълум бўлишича, кўплаб оилаларнинг фарзандлари оғир моддий аҳволлари боис Янги йил муносабати билан мактабларда ўтказилган байрам тадбирларида иштирок этиша олмаган.

Мана уч йилдирки, Туркманистон аҳолиси оғир ҳаёт кечирмоқда. Расмийлар муаммолар мавжудлигини тан олмайди, давлатга тегишли ОАВ бу ҳақда маълумот бермайди.

XS
SM
MD
LG