Ссылки доступа

Тожикистонда икки ой армияда хизмат қилган аскар вафот этди


Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманида истиқомат қилган 21 ёшли Равшан Азизов Хорог шаҳридаги 0438 ҳарбий қисмда икки ой армия хизматини ўтаганидан сўнг вафот этди.

Расмийларнинг таъкидлашларича, у онкологик бемор бўлган, аммо марҳумнинг қариндошлари армияга чақирилгунга қадар Равшан соғлом бўлган, у ҳарбий хизматдаги ёмон шароитлар туфайли касаликка чалинганини айтишади.

Равшан Азизов 2019 йил октябридаармияга чақирилди, ҳамда17 декабрь куни шифохонада вафот этди. Мамлакат Бош ҳарбий прокуратураси вафот этган аскарнинг отасига ўғлининг ўлими диққат билан текширилиши борасида ваъда берди.

Равшаннинг отаси Ўктамжон Исоевнинг 5 январь куни Радио Озоди билапн суҳбатда айтишича, Равшан оилада яккаю ёлғиз ўғил бўлган ва ҳарбий комиссарият уни армияга чақириш хуқуқига эга эмас эди, бу борадаги ҳужжатлар 2019 йил августида Бобожон Ғафуров туман ҳарбий комиссариятига тақдим қилинган.

Тожикистон қонунларига кўра, оилада ягона бўлган ўғил фарзанд ҳарбий хизматга чақирилмайди, шу сабабли нима учун Равшаннинг армияга чақирилгани ноаниқлигича қолмоқда. Ўктамжон Исоевнинг айтишича, унинг ўғли «тутишлар»га тушиб қолган ва уни ҳарбий хизматга чақириш мумкин эмаслиги борасидаги далиллар самара бермади.

«Октябрь ойида ҳарбий комиссарият Равшанга оилада ягона ўғил бўлгани тўғрисида ҳужжат берилишини айтишган. У ҳарбий комиссариятга борганида айни шу ҳужжат биланармияга олиб кетишди. Менинг ўғлим касал эмас эди ва соғлиғидан шикоят қилмаган эди», - дейди ота.

Унинг сўзларига қараганда, ўғли касал бўлганидан кейин аввалига уни Душанбедаги ҳарбий госпиталда, сўнг Миллий тиббиёт маркази (Караболо)да, кейинроқ эса Бобожон Ғафуров туманидаги шифохонада даволашган. «Равшаннинг аҳволи ниҳоятда оғир эди. Унинг оғзи шамоллаган ва овқат ея олмас эди. Шифокорлар тайинли гап айтишмади. Фақат жуда ҳам оғир касал эканини айтишди. Нафас йўллари шамоллаганини айтишди. Совуқ ва ҳарбий хизматдаги шароитлар ўз ишини қилиб бўлган эди. Агар ўғлимизни ўз вақтида даволашганида эди, у тирик қолган бўларди», - дейди Равшаннинг отаси.

Равшан Азизов Республика онкологик марказида тиббий кўрикдан ўтказилганида йигитнинг саратонга чалингани борасида ташхис қўйилди.

Хуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига қараганда, Тожикистонда армия хизматини ўташ чоғида ўлим, оғир жароҳат ва калтак излари мунтазам равишда аниқланади. Қийноқларга қарши Коалиция маълумотига кўра 2014 йилдан 2016 йилга қадар ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналаридан 60 та шикоят қайд қилинган. 11та ҳолатда гап аскарнинг ўлимиҳақида борган.

XS
SM
MD
LG