Ссылки доступа

Наманганда беморнинг қариндоши шифокорга ҳужум қилиб кўзини кўр қилди


Наманган вилояти Учқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи жаррохи Одилжон Қўлдошев бемор қариндошининг ҳужум қилгани оқибатида ўнг кўзи кўр бўлиб қолган. Бу ҳақда шифокорнинг ҳамкасблари маълум қилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Учқўрғонда шифокорга бемор қариндоши ҳужум қилгани холати атрофлича ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, воқеа 2 январ кечаси содир бўлган.

- Ўша куни касалхонага олиб келинган бемор боланинг тоғаси жанжал кўтарди. Одилжон уни тинчлантирмоқчи бўлди ва ташқарига кузатиб қўйди. У одам кейин эшикни синдириб кириб, Одилжонни юзига мушт туширди, ёпиқ калла бош мия жароҳати етказди. Ўнг кўзи олмаси ёрилиб кетди, - деди шифокор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Учқўрғонда шифокорга бемор қариндоши ҳужум қилгани холати атрофлича ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар беришича, 2020 йил 2 январь куни 18.30ларда Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан вақтида ёрдам кўрсатилган.

"Бемор қариндоши ҳужумига учраган шифокорга тажрибали медиклар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ, жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган", - дейилади матбуот хизмати билдирувида.

Наманган прокуратураси мазкур холат юзасидан Ўзбекистон жиноят кодексининг қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш моддаси бўйича иш очиб, тергов олиб бораётганини маълум қилди. Шифокорга ҳужум қилгани гумон қилинаётган 30 ёшли эркак ҳибсга олинган.

Кейинги пайтларда беморлар яқинлари томонидан шифокорларнинг калтакланиши ёки уларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари кўп кузатилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.

XS
SM
MD
LG