Ссылки доступа

Қозоғистонда “низо қўзғаш” ва “терроризм тарғиботи”да айбланганлар етти йил қамоққа ҳукм қилинди


«Терроризм тарғиботи» ва «низо қўзғаш»да айбланган 41 ёшли Жулдизбек Таурбеков етти йил муддатга қамоққа ҳукм қилинди, у жазони ўрта хавфсизлик муассаси (умумий режимли колония)да ўтайди.

Олмали туман суди судьяси Қайрат Иманкулов 6 январь куни ҳукмни ўқир экан Таурбековнинг саломатлигини эътиборга олган ҳолда – судланувчига юрак хасталиги борасида ташхис қўйилган – у ҳукмни ўтирган ҳолда тинглашига рухсат берди.

Судьянинг тушунтиришича, етти йиллик муддат – бу каби ҳуқуқ бузилишлари учун бериладиган энг кам жазодир. Судьянинг қўшимча қилишича, ҳукм кучга кирганидан сўнг Таурбеков саломатлиги туфайли жазони ўташдан озод қилиниши бўйича ариза бериши мумкин.

Иш материалларига кўра, Қозоғистоннинг турли минтақаларида яшовчи тўққиз киши, WhatsApp мессенжери орқали мулоқот қилишар экан, «диний мавзуларни фаол муҳокама қилишган... атайлаб радикаль фикрларни айтишган, шу тариқа терроризмни тарғиб қилишган ва диний низо қўзғаган». Мазкур ишнинг тўққиз нафар фигурантларининг ҳаммаси 2018 йилнинг октябрь ойи сўнгида ҳибсга олинган. Жараёнда уларнинг ҳаммаси ўзларига нисбатан қўйилган айблар сохта эканлигини айтиб, инкор қилишган.

Томонларнинг эшитувлари вақтида ва сўнги сўз олган Таурбеков баёнот бериб, қўйилган айбловга рози эмаслигини билдирди. Унинг онаси ва жамоат ҳимоячиси Асемгуль Жаугашеванинг айтишича, ўғлини ҳибсда ушлаб турилиши унга нисбатан ўлим жазоси чиқарилиши билан тенгдир, чунки юраги жиддий хаста бўлмиш ўғлининг қамоқда ушлаб турилиши унга жисмоний хавф туғдириши мумкин.

Август ойида Қозоғистон ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукм қилинган саккиз нафар маҳбусни виждон эркинлиги бўйича таъқиб қилинаётганлар рўйхатига киритди.

XS
SM
MD
LG