Ссылки доступа

Туркманистонда хусусий дўконларда яроқсиз маҳсулотлар текширилмоқда, пора эвазига бунга кўз юмилмоқда


Мари шаҳрида полиция ходимлари кичикроқ хусусий дўконларни кўздан кечириб, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатини текширишмоқда.

Улар муддати ўтиб кетган маҳсулотлар мусодора қилинишини айтиб дўкон эгаларига пўписа қилишмоқда. Бироқ, 2 минг манат пора эвазига хусусий савдо нуқталарининг эгалари муддати ўтиб кетган маҳсулотларни сотиш хуқуқини қайтариб олишмоқда. Бу ҳақда 6 январь куни Мари вилоятидаги Азатлық радиоси мухбири хабар берди.

Унинг айтишича, полиция ходимлари икки киши бўлиб дўконларни айланиб чиқмоқда ва маҳсулотларнинг яроқлилигини текширишмоқда. Улар дўкон эгаларига мурожаат қилиб пештахталарда муддати ўтиб кетган маҳсулотлар топилгудек бўлса, улар мусодора қилинишидан огоҳлантиришмоқда.

Мухбирларнинг айтишларича, дўкон эгалари пештахталардаги маҳсулотларнинг катта қисмининг яроқлилик муддати ўтиб кетганини тан олишади. «Агар улар мусодора қилингудек бўлса, у ҳолда сотувда фақат нон қолади», дея нолийди дўкон эгаларидан бири Азатлық мухбири билан суҳбатда.

Бир нечта хусусий дўкон эгалари Азатлық мухбири билан суҳбатда муддати ўтиб кетган маҳсулотларни мусодора қилмаслик борасида полиция ходимларига ялинишга тўғри келишини айтишди. Яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотлар сотилишига “оқ йўл” олиш учун полиция ходимлари 2 минг манат пора талаб қилишмоқда. Расмий курс бўйича бу 570 долларга тенг, қора бозор курси бўйича 105 АҚШ доллари демакдир.

Хусусий савдогарларга таянган ҳолда мухбирнинг хабар қилишича, агар кассада 2 минг манат йўқ бўлса, полиция ходимлари пора ики ҳафта мабойнида тўланишига ҳам рози бўлишмоқда.

Туркманистонда иқтисодий мураккабликлар фонида мамлакат минтақаларида яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотлар сотилиши одатий ҳолга айланган.

XS
SM
MD
LG