Ссылки доступа

Блогернинг Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби устидан шикояти судга ошди


Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг Андижон шаҳар ҳокимлиги мулозими устидан шикояти судга ошди.

Далиев икки ой аввал ҳокимлик матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқоровани уни таҳқирловчи пост қўйганликда айблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганди.

Бу ҳақда хабар қилган Далиевнинг Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналида суднинг қолдирилгани сабаблари очиқланмаган.

Ушбу каналдаги маълумотларга кўра, Хуршид Далиев 2019 йилнинг ноябри бошида Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Далиев Андижон шаҳар ҳокимлигининг Телеграмдаги Андижон 24 канали орқали унинг шаънига нисбатан ҳақоратли постлар эълон қилинганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идорасига шикоят ёзган.

Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” канали ҳокимлик каналидаги постлардан бирининг скриншотини эълон қилган.

Ноябрда эълон қилинган ушбу постда ҳокимлик матбуот хизмати Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналига кирмасликка чақирган. Постда Далиев хоинлик ва ғаламисликда айбланган. Шунингдек, Далиевнинг таъқиқланган “Ҳизбут Таҳрир” диний оқими аъзоси экани айтилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова 6 январь куни ўша постни жаҳл устида ёзганини таъкидлади.

Қўчқорованинг айтишича, у Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил суратига Хитой зулмидан азият чекаётган уйғурларни қўллаш рамзи сифатида уйғурлар байроғини қўйгач, уни “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадор деган фикрга борган. Боиси Қўчқорова "дастлаб бу байроқни террорчилар байроғи" деб ўйлаган:

- У байроқнинг қанақалигини билмаганман. Мен қарасам ҳаммаси битта ўша байроқ билан. Ўша байроқ остида Бин Ладен, бизнинг Ўзбекистонимизга қарши ишлар олиб бораётганларни ҳам ўша байроқ остида кўрдим. Буям шу байроқ остида, демак хоин эканда деган маънога бориб, мен тўғриси хомлик қилганман ва шу постни чиқарганман.

Блогер Далиевнинг ҳокимлик мулозими Қўчқорова устидан шикояти асосидаги маҳкама 8 январь куни соат 11:00га белгиланган.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Гулшаной Қўчқоровага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат) ва 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) бўйича иш очилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулшаной Қўчқоровага қўйилаётган айбловлар билан андижонлик блогер Абдуфатто Нуриддинов Янги йил байрами арафасида 15 суткага қамалди.

4 январь кунги суд мажлисида блогер Абдуфатто Нуритдиновга чиқарилган 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди​.

Блогер Абдуфатто Нуритдинов Facebook тармоғида Отабек Нуритдинов тахаллуси остида Андижон вилоятидаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга кескин танқидий муносабатини билдириб келаётганди.

XS
SM
MD
LG