Ссылки доступа

Қирғизистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олувчи хитойлик ўнлаб этник қирғизлар таътилдан сўнг ўқишга қайтмади


40дан отиқ хитойлик этник қирғизлар Қирғизистон олий ўқув юртларида таҳсил оларди, аммо 2018 йилги ёзги таътилдан сўнг улар ўқишга қайтишмади. Қирғизистон расмийлари талабаларнинг кейинги тақдиридан бехабар эканликларини ва кейинроқ маълумот беришларини ваъда қилишди.

2019 йил апрелида Хитой қирғизларини ҳимоя қилиш қўмитасининг маълум қилишича, 40 дан ортиқ талаба 2018 йилда таътилга кетган, шундан кейин ўқиш учун Қирғистонга қайтиб келишмаган. Таъкидланишича, ёшларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмаяпти.

2019 йил баҳорида Хитой қирғизларини ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон олий ўқув юртларида таҳсил олган ва ёзги таътилга Хитойга кетиб қайтиб келмаган 45 нафар хитойлик қирғизларнинг рўйхатини тузди. Қўмита вакили Марат Тагаевнинг хабар беришича, маълумотлар Бишкекдаги хитой қирғизларидан олинди. Унинг изоҳига кўра, рўйхатдаги 45 кишининг орасида олий ўқув юртини тамомлаган йигитлар ҳам бор.

«Улар Хитойга кетиб, қайтиб келмаган талабаларнинг рўйхатини беришди. Маълумотларга кўра улар 45 нафар талабадир. Аниқ маълумотлар йўқ. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, улардан айримлари «лагер»ларда бўлишган.

Қирғизистон олий ўқув юртларида ҳозир ҳам хитойлик талабалар таълим олмоқда. Улар журналистлар билан, умуман бегоналар билан мулоқот қилишмайди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган хитойлик этник қирғизнинг айтишича, талабалар Хитойга кетишади, аммо қайтиб келишмайди.

«Агар биз исмимизни ошкор қилсак, бу ота-оналаримизга таъсир қилиши мумкин. Бу ерда қолганларнинг кўпчилиги фуқоролик олган. Улардан қанчаси фуқоролик олгани ва қанчаси олмагани аниқ эмас. Чунки биз бу ҳақда гапирмасликка ҳаракат қиламиз. Хитойлик талабалар консерваторияда, Қирғиз Миллий университетида, “Манас” қирғиз-турк университетида, Бишкек гуманитар университетида таҳсил оладилар. «Манас»да таҳсил олганларнинг кўпчилиги таътилга кетиб, қайтиб келишмади. БГУнинг етти нафар талабасидан беш нафари таътилга кетди, аммо ўқишга қайтиб келмади. 2017 йилда бир йигит Урумчида ушланиб қолди, аммо уйигача етиб бормади», -дейди суҳбатдош.

Таълим ва фан вазирлигининг хабар қилишича, ҳар йили Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон,Туркия ва Хитойдан келган этник қирғизлар Қирғизистондаги университетларда 75 та бюджет ўринда таҳсил олишади. Вазирлик ватанига кетган ва қайтиб келмаган хитойлик талабалар ҳақида кейинроқ маълумот беришни ваъда қилди. Бундан аввалроқ, 2016-2017 ўқув йилида Хитойдан ўн нафар талаба, 2017-2018 ўқув йилида эса атиги икки нафар талаба келгани айтилган эди. 2018-2019 ўқув йили ҳақида маълумотлар йўқ.

Хитойда истиқомат қилувчи этник озчилик, жумладан қирғизларнинг “қайта тарбиялаш лагерларига” тушиб қолаётгани ҳақидаги хабарлар 2018 йил баҳорида пайдо бўлди. Хитой қирғизларини ҳимоя қилиш қўмитасининг тасдиқланмаган хабарларига кўра, бу лагерларда 50 мингга яқин қирғиз бор. Қирғизистон расмий идоралари бу маълумотларни тасдиқламайди.

XS
SM
MD
LG