Ссылки доступа

Жанаозенда аҳоли газ нархи ошишидан ғазабланмоқда


Нурлыбек Нургалиев
Нурлыбек Нургалиев

Жанаозен аҳолиси ва тадбиркорлари 6 январь куни шаҳар маъмурияти олдида тўпланиб, суюлтирилган бир литр газ нархи 53-55 тенгедан 63-65 тенге (17 цент)га кўтарилишига норозилик билдирдилар. Улар расмийлар газ нархи оширилиши юзасидан изоҳ беришини талаб қилдилар.

Мангистау вилоятидаги мазкур шаҳар хокими нархлар аввалги ҳолатига туширилишига ваъда берди.

Жанаозенда йил бошида газ 20 фоизга қимматлади. Авваллари ҳам газ нархи бир неча бор ўзгарган шаҳарда маҳаллий расмийлар нархлар ёрлиқларидаги ўзгаришларни турлича тушунтирдилар. Бир гал «Россия газни Божхона Иттифоқи талабларига биноан сотаётгани ва юзага келган тақчиллик» билан боғлашди, яна бир гал эса —«минтақада ягона бўлган газни қайта ишловчи заводнинг таъмирланиши» билан изоҳладилар.

6 январь куни ҳокимият олдида тўпланган аҳоли баёнот бериб, «нархлар завод ва истеъмолчилар ўртасидаги воситачилар туфайли ошаётганини» таъкидладилар.

Автомобиллари асосан газ билан тўлдириладиган шаҳар аҳолиси билан Жанаозен ҳокими Мақсат Ибагаров, Мангистау вилояти энергетика ва коммунал хизмат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бердибек Картбаев ва «Казахский газоперерабатывающий завод» («Қозоқ газни қайта ишлаш заводи») компаниясининг директори Накберген Тулепов учрашди.

Иштирокчилар газ нархи барқарорлашишини талаб қилдилар. Нефтчилардан бири Естай Карашаев газни қайта ишловчи завод директоридан газ воситачилар орқали сотиб олинишини сўради.

— Газ ўзимизда ишлаб чиқарилади, биздан атиги бир километр узоқликда қазиб олинади. Бироқ, Ақтауда 55 тенге турган ҳолда, нима учун бизда 65 тенге? — дея сўради у.

«Казахский газоперерабатывающий завод» компанияси директори Накберген Тулепов учрашувда электрон сотувга чиқарилишидан аввал газ бир нечта воситачи томонидан етказилишини айтиб берди. Савдода газни ҳар қандай тадбиркор сотиб олиши ва товарни қайта сотиши мумкин.

6 январь куни кечқурун Жанаозен шаҳар хокими Максат Ибагаров ўзининг Instagram'даги саҳифасида тадбиркорлар билан учрашувда газ таъминоти масаласи муҳокама қилингани, унда шаҳар аҳолиси учун газ бир литри 55 тенгедан сотилишига келишиб олингани ҳақида маълумот берди.

Бироқ аҳоли бу ваъдаларга скептик ёндашмоқда.

— Бу вақтинчалик чора. Кейинроқ яна бошланади. Юқори лавозимли амалдорлар [бош вазир Мамин ва энергетика вазири Ногаев] келсин, ана ўшанда масалага нуқта қўйилади, — дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Жанаозенда яшовчи аҳоли вакили.

Мангистау вилоятида суюлтирилган газ фақат «Казахский газоперерабатывающий завод»ида ишлаб чиқарилади. Завод бир ойда 14 минг тоннага яқин газ ишлаб чиқаради. Газга бўлган талаб эса 17 минг тоннани ташкил қилади. Энергетика вазирлиги Оқтобе вилоятидаги — «Актобемунайгаз-CNPC» компаниясидан олиб келинадиган газ ҳисобидан камомадни қоплайди. Бироқ газ етишмовчилиги туфайли бир неча йилдан бери унинг нархи барқорлашмайди. 2011 йилда вилоятда газ нархи 30-35 тенге эди. Шундан сўнг нефть қазиб олувчи, шунингдек беқарор шаҳар бўлмиш Жанаозендаги газ нархи бир неча бор оширилди. Эслатиб ўтамиз 2011 йилда мазкур шаҳарда меҳнат шароитлари яхшиланишини талаб қилган ишчилар бир неча ой иш ташлаган, ўшанда намойиш куч ишлатиш орқали бостирилган, 17 киши ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG