Шу ҳафтада бу каби учрашувлар Туркманобод шаҳрида, шунингдек Чоржу ва Дарганата туманларида бўлиб ўтгани ҳақида 6 январь куни Азатлиқ радиоси мухбири хабар берди. Ҳокимнинг маънавий ишлар бўйича ўринбосарлари, миллий хавфсизлик ва ички ишлар вазирликлари, ҳамда прокуратура вакиллари иштирокидаги махсус гуруҳлар томонидан маърузалар қилинмоқда.
Учрашувлар мактаблар ва туман ҳамда шаҳар маданият уйларида ўтказилмоқда. Уларга бюджет ходимлари ва юқори синф ўқувчилари таклиф қилинмоқда.
Асосий мавзу яқинда Американинг Netflix кинокомпанияси томонидан прокатга чиқарилган «Хаёлий олтилик» («6 Underground») фильми бўлмоқда.
Азатлиқ мухбирининг хабар қилишича, бу учрашувларда маъруза қилаётган туркман расмийлари Американи «Туркманистоннинг душмани» сифатида таърифлашмоқда.
«Бу учрашувлардаги нотиқлар «Америка туркман давлатининг душмани. АҚШ бизнинг мамлакатимизни йўқ қилиш учун катта ишларни қилмоқда. Улар халқ норозилиги учун ҳамма нарсани қилишмоқда», дейишмоқда, дея учрашув иштирокчиларнинг сўзларни келтирадли мухбир.
Суҳбатдошлардан бирининг мухбирга айтишича, «яқинда экранга чиқарилган «Хаёлий олтилик» фильми туркман амалдорларини жиддий қўрқитиб қўйганга ўхшайди».
Мухбирнинг айтишича, расмийлари янги фильмнинг яширин прокатини тақиқлаш борасида барча чораларни кўраётган бир вақтда уни кўрмоқчи бўлганлар сони ортиб бормоқда.
«Солиқ хизмати ходимлари Туркманободдаги барча видео-прокатларни ёпди. Қачон очилиши маълум эмас», дея хабар беради Азатлиқ мухбири.
13 декабрь куни Американинг Netflix компанияси томонидан экранга чиқарилган триллерда замонавий Туркманистонни эслатувчи деталлар бор. Бюджети 150 миллион долларни ташкил қилган фильм сюжети ҳаёлий Тургистон дея аталмиш мамлакатга демократия олиб киришга ва унинг шафқатсиз диктаторини йўқ қилишгауринаётган АҚШлик миллиардер тарихига бағишланган.