Ссылки доступа

Халқ қабулхонаси собиқ мудири сайловни ёритаётган блогерни "гей"га чиқарди (видео)


Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонаси собиқ мудири парламент сайловининг 2-турини шаҳарнинг 74-сайлов участкасида кузатаётган 30 яшар блогер Тимур Саттаровни "гей"га чиқарди.

Халқ қабулхонаси собиқ мудири блогернинг камерасига ёпишиб, участкадан ҳайдаб чиқаришга уринди. Бу ҳолат блогернинг сайлов участкасидан жонли репортажида акс этган.

Вилоят сайлов комиссияси блогернинг шикояти Самарқанд вилоят ИИБга оширилганини маълум қилди.

Айтилишича, 30 яшар блогер, касби дастурловчи Тимур Саттаров овоз бериш жараёнини ёритиш учун аккредитация берилган оз сонли маҳаллий блогерлардан бири бўлган.​

5 январь куни тармоққа жойланган видеода акс этишича, 74-овоз бериш участкасида бюллетенлар қутисига бир неча варақани бирдан ташлаётган сайловчи блогерни ҳақоратлайди.

"Камерани йиғиштир? (сайловчи рус тилида гапиради - таҳр.) Мен тасвирга олишингга изн бермайман. Мишиқи! Бунинг ўрнига соқолингни ол!" дейди сайловчи.

Бунга жавобан блогер: "Мен айнан сизни тасвирга олаётганим йўқ, илтимос менга бақирманг! Мен блогерман, мана марҳамат, аккредитациям ҳам бор" дейди.

Аммо, шахс блогернинг бу гапларига жавобан унинг ташқи қиёфасига эътироз билдира бошлайди:

"Сендақа блогерлар бизга керак эмас. Ўзингга бир қара?! Геймисан сен? Геймисан сен? Йўқол бу ердан! Кимга борсанг, бор!" дейди шахс.

Блогер Тимур Саттаровнинг айтишича, ҳодисадан сўнг у сайлов комиссиясига арз қилган.

Самарқанд вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Шуҳрат Узоқовнинг айтишича, асли касби юрист Жамшид Умаров муқаддам туман прокурори бўлиб ҳам ишлаган. У 2017 мартидан 2019 йилнинг февралигача шаҳар Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда блогерлар ва ҳукумат вакиллари ўртасидаги низолар кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Жумладан, 6 январь куни Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг Андижон шаҳар ҳокимлиги мулозими устидан шикояти судга ошди.

2019 йилнинг 30 декабрида эса андижонлик блогер Отабек Нуритдинов Андижон вилоят маъмурий суди томонидан туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланиб, 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG