Ссылки доступа

Суд блогерни ҳақоратлаган Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига 5,5 млн сўм жарима солди


 журналист Хуршид Далиев
журналист Хуршид Далиев

Маъмурий ишлар бўйича Андижон шаҳар суди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқоровани “Туҳмат” ва “Ҳақорат қилиш” моддалари бўйича айбдор деб топди.

Суд қарорига кўра, Қўчқоровага 5 миллион 575 минг сўм (около $590) жарима солинган ва огоҳлантирув берилган.

Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиев икки ой аввал Қўчқоровани уни таҳқирловчи пост қўйганликда айблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганди.

Қўчқорованинг айтишича, у ўша постни жаҳл устида қўйганини айтиб, судда кечирим сўраган ва суднинг унга чиқарган қароридан норози эмас.

8 январь куни Андижон шаҳар маъмурий ишлари судида ўтган маҳкамада шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқорова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат) ва 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топилди.

Қўчқорова блогер Далиевни асоссиз айблаб, ҳақорат қилганини тан олиб, судда кечирим сўраган.

Хуршид Далиев касаллиги боис судда фақат унинг адвокати қатнашди. Далиев Озодлик билан суҳбатда суд қарорини адолатли деб ҳисоблашини айтди:

- Суд адолатли ҳукм чиқарган. Бундан ортиқ аёл кишига қандай жазо бўлиши мумкин? Қонунда ушбу моддаларга қандай жазо белгиланган бўлса, шуни чиқарган.

Далиев Андижон шаҳар ҳокимлигининг Телеграмдаги Андижон 24 канали орқали унинг шаънига нисбатан ҳақоратли пост эълон қилинганидан сўнг 2019 йилнинг ноябри бошида ҳуқуқ-тартибот идорасига шикоят ёзган.

Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналида эълон қилинган ўша постнинг скриншотидан маълум бўлишича, Қўчқорова Далиевни хоинлик ва ғаламисликда айблаган. Шунингдек, Далиевнинг тақиқланган “Ҳизбут Таҳрир” диний оқими аъзоси эканини ёзган.

Қўчқорованинг айтишича, у Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил суратига Хитой зулмидан азият чекаётган уйғурларни қўллаш рамзи сифатида уйғурлар байроғини қўйгач, уни “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадор деган фикрга борган. Боиси Қўчқорова "дастлаб бу байроқни террорчилар байроғи" деб ўйлаган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби террорчилар байроғи деб тушунган, сатҳига ярим ой ва юлдуз тасвири туширилган кўк байроқ, аслида Шарқий Туркистон республикаси ҳукумати 1933 йилнинг 12 ноябрида қабул қилган байроқ бўлиб, ҳозирги пайтда хитойлик уйғурлар бу байроқни миллий озодлик ҳаракати рамзи деб билади.

XS
SM
MD
LG