Ссылки доступа

Туркманистон жанубида порасиз болани боғчага жойлаштириб бўлмайди


Шу кунларда Туркманистонинг Мари вилоятида шаҳар ва туман таълим бошқармаларида болаларни боғчага қабул қилиш давом этмоқда. Болаларни қабул қилинишини кутаётган ота-оналар тўқнаш келаётган қийинчиликлардан, жумладан порага таъмагирликдан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда Азатлиқ мухбири хабар берди.

«Ота-оналар турар-жойлардаги таълим бўлимларига мурожаат қилиб, керакли маълумотларни топширишмоқда. Шу тариқа улар “болаларни боғчага қабул қилиниши учун навбатга ёзиладилар. Бироқ пора берилмайдиган бўлсалар навбат йилларга чўзилиб кетиши мумкин. Айрим ота-оналар бола туғилгани тўғрисида гувоҳнома олишлари билан навбатга ёзилиб қўядилар, аммо 4-5 йил ўтганига қарамай уларнинг навбати келмайди», дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан яширин ишловчи Маридаги Азатлиқ мухбири.

Азатлиқ мухбири билан суҳбатлашган ота-оналарнинг айтишларича, агар талаб қилинган пора берилгудек бўлса, у ҳолда навбат жуда ҳам тез келади.

«Болани боғчага жойлаштириш учун пора бериш керак бўлади, туманлардаги боғчалардаги ўринлар 400 манатдан 1000 манатгача ($114-285), шаҳардаги болалар боғчалари учун 1000 манатдан 2000 манат ($285-570)гача бериш керак бўлади. Агар пора берилса, бирор бир навбатсиз болалар боғчасига йўлланма олиш мумкин», дейилади ўз исмини ошкор қилишни истамаган Маридаги ота-оналардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда болаларннинг мактабгача муассасага бориши учун бир ойда 80 манат ($23) тўлаш керак бўлади. Таълим бўлимлари болалар боғчаси учун қабулларни бир йилда икки марта - январь ва июнь ойларида амалга оширади.

Азатлиқ мухбирининг қўшимча қилишича, мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёнида ота-оналардан пора таъма қилиш одатий ҳолатлардан бирига айланган.

Туркманистонликларнинг айтишларича, бунинг асосий сабабларидан бири болалар тарбия муассасаларида етарлича жойларнинг йўқлигидир.

ЮНИСЕФ ташкилоти ўзининг ўтган йилги Ҳисоботида Туркманистонда болаларнинг ярмидан кўпроғи мактабгача муассаларга бормаслигини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, Туркманистон йилдан йилга коррупция бўйича ҳалқаро рейтингда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. "The Risk Advisory Group" ташкилотининг 2019 йил апрель ойида эълон қилган Ҳисоботида Туркманистон коррупция кўплаб қийинчиликларни туғдирадиган, бу борадаги маълумотлар айтилмайдиган давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллади.

XS
SM
MD
LG