Тадқиқот натижалари йил бошида эълон қилинди. Унда таъкидланишича, бир йилда кийим-бош учун ҳар бир россиялик $260, Қирғизистон аҳолиси $30-35, ўзбекистонликлар эса $35-50 сарфлар экан.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, тожикистонликларнинг гардеробидаги кийим-бошлар турли-туман бўлишига қарамай, мамлакат аҳолиси либослар учун камроқ пул сарфлайди.
Минтақалардаги сўровларнинг натижалари, Тожикистон аҳолиси кийим-бош, жумладан пайафзал учун бир йилда ўртача $30 га яқин сарфлашини кўрсатди. Тадқиқотнинг кўрсатишича, Тожикистонда кийим-бош учун ҳаражатлар аввалги йилларга нисбатан камайиб кетган. 2013-2014 йилларда мамлакат аҳолиси тегишли равишда $39 ва $42 дан сарфлаган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, кийим-бошлар учун ҳаражатларнинг камайиб кетишига мигрантлар томонидан юборилаётган пулларнинг қисқариб кетиши сабаб бўлган. Масалан Россиядан тожик мигрантларининг пул ўтказмалари 2013 йилги $4 млрд.дан 2015-2016 йилларда $1,5 млрдгача қисқарди.
Тожикистонда бир йилда 400 000 тоннагача пахта етиштирилишига қарамай, мамлакат хориждан кийим-бошларнинг катта қисмини импорт қилади. Мамлакат аҳолиси киядиган кийим-бошларни ўрганган Халқаро Савдо Маркази тадқиқотчилари импорт маҳсулотларининг 77% Хитойдан ва 16% Туркиядан олиб келинишини аниқладилар.
Тожикистон аҳолиси кийим-бош харид қилаётганларида одатга кўра Европа стилидаги кийимларни харид қилишни афзал кўришади. Айнан шу сабабли ҳам бозорлардаги кийим-бош дўконлари тармоғининг 50% га яқинини Европа маҳсулотлари эгаллайди. Атиги 26% фоизи миллий кўринишдаги кийим-бошлардир.
Халқаро Савдо маркази тадқиқотчиларининг фикрича, Тожикистон кийим-бошлар бозори аввалгича қолмоқда. Душанбедаги«Корвон» ва «Меҳргон», шунингдек Хўжанддаги «Атуш» ва «Сомониён» бозорлари Тожикистондаги энг йирик кийим-бош марказлари ҳисобланади.
Ўтган йилга таққослаганда, хориждан Тожикистонга кийим-бош импорти қисқарганига қарамай, биргина 2017 йилда мамлакат $241 миллионлик кийим-бошни импорт қилган, дея таъкидлайди тадқиқот муаллифлари.