Ссылки доступа

Қозоғистонда қўриқхона ҳудудига прокурор ва судьянинг “суқилиб кириши” текширилмоқда


Қозоғистоннинг Оқтобе вилоятида алоҳида қўриқланадиган табиат ҳудудига Иргиз туман суди раиси Бақитжан Ерланнинг “суқилиб кириши” билан боғлиқ хизмат текшируви олиб борилмоқда, дея хабар беради вилоят суди матбуот хизмати.

Шунингдек, хизмат текшируви қўриқхона ҳудудида Иргиз туман прокурори Айдос Сағиндиқовнинг бўлиши муносабати билан ҳам олиб борилмоқда. Вилоят прокурорининг ёрдамчиси Оркен Ешановнинг айтишича, «туман прокурори қўриқхона ҳудудида балиқ тутиш билан шуғулланмаган», унинг қўшимча қилишича, иш тафсилотлари хизмат суриштируви якунланганидан кейин маълум қилинади.

Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонат дунёси минтақавий инспекцияси раҳбарининг ўринбосари Ануарбек Бермагамбетовнинг хабар қилишича, 3 январь куни соат 11 ларда Иргиз-Тўрғай давлат табиат қўриқхонаси ҳудудида олти киши ушланди. Уларга нисбатан “Алоҳида қўриқланадиган табиат ҳудудларида жисмоний шахсларнинг бўлиш тартибларини бузиш” моддаси бўйича маъмурий иш очилди. Улар қонунга зид равишда балиқ тутишда гумон қилинмоқда.

Бундан аввалроқ маҳаллий ОАВ қўриқланадиган ҳудудга “давлат хизматчиларининг қонунга зид равишда кириши” борасидаги ахборотни эълон қилган эди. Ануарбек Бермагамбетов Азаттиқ радиосининг “қўлга олинганлар орасида юқори лавозимли амалдорлар бормиди” деган саволига 8 январь куни қўлга олинганларнинг исми-шарифлари “ўрганилаётгани” борасида жавоб берди. Шу билан бирга у қўлга олинганлар орасида давлат хизматчилари борлигини инкор қилмади.

Оқтобе вилоят администрацияси, қўриқхона ҳудудида қўлга олинганлар орасида Иргиз ва Айтеке Бий туманларининг хокимлари йўқлигини, у ерда суд ва прокуратра идораларининг ходимлари бўлганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG