Муштарий Ғаниеванинг турмуш ўртоғи Даврон Ғаниевнинг айтишича, 17 декабрь куни Қўқон шаҳар туғруқхонасига ётқизилган хотини 2 январь куни оламдан ўтган.
- Кўпайишганимиздан кейинги аҳволи жуда чатоқ эди. Кучанганда майда қон томирлари ёрилиб кетган экан. Врачлар “бу ўтиб кетадиган нарса”, деб эътибор беришмади. Аммо хотинимнинг ичидан қон келаверди. Врачларга “текширинглар” десам, “Бу туғруқники, ўтиб кетади”, деб жавоб беришди. 20 декабрда охири хушидан кетиб, комага тушиб қолди. Шундан сўнг Фарғонадан келиб операция қилишди. Аммо 2 январь куни хотиним узилди,- деди Даврон Ғаниев.
Муштарий Ғаниеванинг чақалоғи ҳозирда отаси қарамоғида. Даврон Ғаниевга кўра, қиз чақалоқнинг саломатлиги яхши. Муштарий ва Давроннинг бундан ташқари 7 ёшдаги қизи ҳам бор.
Даврон Ғаниевнинг айтишича, операциядан сўнг Муштарий Ғаниевани сунъий нафас олдириш аппаратига улаш керак бўлган. Бироқ туғруқхонада сунъий нафас олдириш аппаратигина эмас, кислород баллонлари ҳам йўқ бўлган.
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходимлардан бири Қўқонда ҳақиқатан ҳам туғруқдан сўнг 27 ёшли аёл вафот этганини тасдиқлади, аммо воқеа тафсилотларидан хабарсиз эканини айтди.
Унга кўра,икки кундан бери вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари Қўқон шаҳрида юрибди ва у ерда туғруқхонадаги воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. Бу расмийнинг билдиришича, Марғилон ва Қўқон туғруқхоналари ўтган йилда замонавий таъмирдан чиқарилиб, янги техник воситалар билан таъминланган.
Бироқ Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошқа бир масъул ходими вилоятдаги касалхоналарда сунъий нафас олдириш аппаратлари ва кислород баллонлари мавжудлигини, лекин кўп ҳолатларда улар ишламаслигини, яъни бузуқлигини айтди.
“Сунъий нафас олдириш аппаратлари йўқ деб бўлмайди. Бор. Лекин ишламаслиги мумкин. Жуда кўп аппаратларимиз эски, кўплари бузилган. Шунинг учун янги тиббий техник воситаларга буюрмалар берганмиз. 2020 йилдан бу воситалар вилоятимизга кела бошлайди. Уларнинг келишига қараб, касалхоналарга бўлиштириб берамиз”, - деди расмий.