Ссылки доступа

Туркманистондаги Америка элчихонаси Лебапдаги аксиламерика ташвиқотларига жавоб берди


АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси ҳодисалари ва қаҳрамонлари Туркманистонни эслатувчи шов-шувларга айланган «Хаёлий олтилик» («6 Underground») фильми сабаб Лебап вилоятида авж олган аксиламерика ташвиқотига муносабат билдирди.

Азатлиқ радиосининг сўровига жавоб сифатида АҚШ элчихонаси томонидан юборилган қисқа баёнотда Қўшма Штатлар Туркманистон билан мустаҳкам ва самарали муносабатларга содиқ экани таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Азатлиқ радиоси Туркманистоннинг Лебап вилоятида маҳаллий расмийлар аҳоли ўртасида Ғарбга, жумладан Қўшма Штатларга қарши ташвиқот ишларини бошлаб юборгани ҳақида хабар берган эди. Азатлиқ мухбирининг хабар қилишича, бюджет ходимлари ва юқори синф ўқувчилари олдида нутқ сўзлаган нотиқлар Американи «Туркманистоннинг душмани» сифатида таърифлашмоқда.

Асосий мавзу яқинда Американинг Netflix кинокомпанияси томонидан прокатга чиқарилган «Хаёлий олтилик» («6 Underground») фильми бўлмоқда.

Азатлиқ радиосининг сўровига жавоб сифатида АҚШ элчихонаси томонидан юборилган қисқа баёнотда шундай дейилади:

«Бу фильм бадий асар бўлиб, хусусий кўнгилочар компания томонидан яратилган. Қўшма Штатлар ва Ашхободдаги АҚШ элчихонаси Туркманистон билан мустаҳкам ва самарали муносаблатларга содиқ қолади, бу яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган Йиллик Иккитомонлама Маслаҳатлашувнинг муваффақиятли бўлганида, С5+1 гуруҳи доирасида минтақий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида, мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ва савдо алоқаларининг ўсиб бораётганида, биз ҳамкорлик қиладиган кўп миқдорда таълим ва маданий дастурларда ўз аксини топди».

Азатлиқ мухбирининг айтишича, расмийлар янги фильмнинг яширин прокатини тақиқлаш борасида барча чораларни кўраётган бир вақтда уни кўрмоқчи бўлганлар сони ортиб бормоқда.

13 декабрь куни Американинг Netflix компанияси томонидан экранга чиқарилган триллерда замонавий Туркманистонни эслатувчи деталлар бор. Бюджети 150 миллион долларни ташкил қилган фильм сюжети ҳаёлий Тургистон дея аталмиш мамлакатга демократия олиб киришга ва унинг шафқатсиз диктаторини йўқ қилишга уринаётган АҚШлик миллиардер тарихига бағишланган.

XS
SM
MD
LG