Ссылки доступа

Эрдўғон ва Путин Ливиядаги тўқнашув томонларини ўт очишни тўхтатишга чақиришди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Россия президенти Владимир Путин Ливияда ўзаро урушаётган томонларни 12 январга ўтар кечасидан бошлаб жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақиришди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Лавровга кўра, Москва ва Анқара БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ равишда Ливиядаги вазиятни изга солиш бўйича ягона позицияга келишган.

Ливияда ҳозирда фуқаролар уруши давом этмоқда. Асосий кураш халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Фаёз Саррож бошчилигидаги Миллий келишув ҳукумати (Триполи) ҳамда Абдуллоҳ ас-Соний бошчилигидаги муваққат ҳукумат ўртасида кетаяпти. Ас-Соний Тобрукдаги парламент ва генерал Халифа Ҳафтар дастагига суянади.

2019 йили Ҳафтар Триполи қамали бошланганини эълон қилган. Оммавий ахборот воситалари бир неча бор бу генерал Россия томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида хабар қилишган. Россия расмийлари буни тасдиқлаган эмаслар. Эрдўғонга кўра, Ҳафтар тарафида Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг (Россия) 2000 нафардан зиёд ёлланма аскарлари ҳамда суданлик ёлланмалар жанг қилмоқда. Вагнер ширкати Путинга яқин кўриладиган тадбиркор Евгений Пригожин билан алоқадор экани айтилади.

XS
SM
MD
LG