Ссылки доступа

Тожикистонда экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги қонун кучга кирди


Тожикистонда экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Қонун лойиҳаси Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари томонидан ўтган йилнинг ноябрида қабул қилинган эди.

Президент Эмомали Раҳмон томонидан имзоланган “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Тожикистон Республикаси қонунини расмий матбуотда эълон қилинди.

Янги қонунга биноан, Тожикистон расмийлари миллий хавфсизлик ва давлат мудофаа қудратини сусайтиришга бўлган уринишларни экстремистик ҳаракат дея баҳолашлари мумкин; бунга ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга ва конституцион тузумни ўзгартиришга чақириқ; миллий, ирқий, маҳаллийчилик ёки диний душманлик руҳида низолар келтириб чиқариш киради.

Экспертларнинг фикрича, қонуннинг айрим ҳолатлари бир қатор саволларни келтириб чиқаради. «Масалан, миллий хавфсизлик ва давлат мудофаа қудратини сусайтиришга бўлган уриниш деганда қонун муаллифлари нималарни назарда тутгани ноаниқлигича қолмоқда. Расмийлар қонуннинг мана шу ҳолати билан бошқача фикрловчиларни, сиёсий партия ва гуруҳлар фаолларини, шунингдек ўзларининг рақибларини экстремист дея эълон қилишлари мумкин», дейди тожикистонлик юрист Шуҳрат Қудратов.

“Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Тожикистон Республикаси қонунига кўра, ҳукумат қошидаги Алоқа хизмати барча вебсайт ва ижтимоий тармоқларни назорат қилиш ҳуқуқига эга, зарурат туғулгудек бўлса фойдаланувчиларнинг киришини чеклаши мумкин.

Бундан ташқари, қонун ҳукуматга нафақат Тожикистон ичкарисида, балки тожик меҳнат мигрантлари орасида ҳам экстремизмга қарши кураш олиб бориш имкониятини яратади.

Экстремизм Тожикистондаги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Тожикистон расмийларининг маълумотига қараганда, мамлакатнинг 1900 нафар фуқароси Сурия ва Ироққа йўл олган, ҳамда “Ислом давлати” сафларига қўшилганлар. Сўнгги йилларда Тожикистонда экстремизм ва терроризмда айбланиб 1400га яқин фуқаро ушланган, хуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, улар орасида дунёқараши учун қамалганлар ҳам бор. Ўтган йили улардан 500га яқини амнистия бўйича озод қилинди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўзларининг ҳисоботларида Тожикистон ҳукуматини экстремизмга қарши ураш усулларини танқид қилади, чунки кўп ҳолатларда одамлар фақат намоз ўқигани ёки либослари учунгина ёки диний мавзудаги баҳсларда иштирок этганликлари учун ҳам экстремизмда айбланадилар. Уларнинг тақиқланган гуруҳ ёки мамлакатда фаолияти экстремист дея тан олинган ташкилотларга мутлақо алоқаси йўқлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG