Ссылки доступа

Туркияда ўзбекистонликни ўлдирганликда гумон қилинган Туркманистон фуқаролари ушланди


Истанбулда ўзбекистонликни ўлдирганлик ва ўзларининг юртдошларига оғир тан жароҳати етказганликда гумон қилинган Туркманистоннинг икки фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда 9 январь куни турк ОАВ маълум қилди.

“Миллиет” газетасининг хабар қилишича,1 январь куни Истанбулнинг Эсенюрт туманида тахминан 22:00 ларда маҳаллий аҳоли жароҳат олган ёш йигитни топиб олишди ва тиббиёт ходимларига бу борада хабар бердилар.

«Ҳодиса жойига етиб келган тиббиёт ходимлари 23 ёшли Арслан исмли туркманистонликни Доктор Сади Конук ўқув-тадқиқот клиникасининг реанимация бўлимига ётқиздилар. У орадан уч кун ўтиб ўзига келди», дея ёзди газета.

Хабарларга кўра, шундан кейин туркманистонлик Арслан ўзи ва беш нафар таниши ўртасида бахс келиб чиққани, танишлари Эсенюрт туманидаги Талатпаша деган жойдаги уйда уни пичоқ билан жароҳатлагани ҳақида айтиб берди.

Унинг айтишича, ўша кунги баҳсда 23 ёшли Олимбой исмли Ўзбекистон фуқаросига тан жароҳати етказилган, у ҳодиса жойида олган жароҳати туфайли вафот этди, Арслан эса қочиб кетишга муваффақ бўлди.

«3 январь куни турк полицияси ўзбекистонлик Олимбойнинг жасадини Истанбулнинг Бейликдуз туманидаги дарёдан топди. Терговчилар у қорнидан олган жароҳати туфайли вафот этганини аниқладилар», - дея ёзди «Миллиет» газетаси.

Шундан кейин турк полицияси Туркманистоннинг икки фуқаросини - 44 ёшли Барталав ва Роза исмли эр-хотинни, шунингдек, Жамол исмли 35 ёшли Ўзбекистон фуқаросини ушлади. Ҳибсга олинган гумондорлар Олимбойни ўлдирганликлари ва Арсланга тан жароҳати етказганликларини тан олишди.

«Гумондорлар ўша куни Барталав пичоқ билан Олимбойга ҳужум қилганини, унинг хотини ва ўзбекистонлик таниши бу борада ёрдам берганини айтиб беришди. Улар, шунингдек, Олимбойнинг жасадини аҳлат бочкасига солиб, жиноят жойидан 200 метр узоқликдаги дарёга ташлаб юборганликларини тан олишди. Тахминларга кўра, сув жасадни Бейликдуз туманига қадар оқизиб кетган», дейилади хабарда.

Туркия ОАВнинг хабар қилишича, 8 январь куни гумондорлар суд олдида жавоб берди, суд уларни ҳибсга олиш борасида қарор қабул қилди.

XS
SM
MD
LG