Ссылки доступа

Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди


Судланувчидан, шунингдек, 1080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судланувчи, Human хусусий бандлик агентлиги Шоҳинур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («реабилитация учун асослар»)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди ҳамда унинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Судланувчи тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчидан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмай қолгани, ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида аввал хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG