Ссылки доступа

Назарбоевнинг набираси оилавий жанжал сабаб Буюк Британиядан бошпана сўраганини билдирди


Айсултан Назарбаев
Айсултан Назарбаев

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Лондонда яшаëтган набираси Ойсултон Буюк Британиядан бошпана сўради. Ойсултон Назарбоев ўз Facebook саҳифасида оиласидан бўлаëтган босимлар сабаб шундай қарорга келганини ëзди.

Назарбоев набираси Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги коррупцияга оид маълумотга эгалигини ҳам билдирди.

Унинг айтишича¸ Қозоғистон гази ўртакаш компания орқали Газпромга сувтекинга сотилади ва ўртада ишланган пуллар “Путиннинг ҳамëни” бўлган шахслар билан бўлиб олинади¸ сўнгра бу миллионлар Сингапурдаги банк ҳисобларига ўтказилади.

Ойсултон Назарбоевга кўра¸ бу схемадаги ўртакаш компания Қозоғистонга 700 миллион долларга яқин пул беради ва бу пуллар холасининг эри Тимур Кулибоев ва ўзининг собиқ қайнотаси Кайрат Боранбоев томонидан бўлишиб олинади.

Ойсултоннинг айтишича¸ онаси Дариға Назарбоева ва унинг иккинчи эри Кайрат Шарипбоев бу контрактни ўз қўлига олишга уринмоқда¸ томонларнинг очкўзлиги боис¸ ўзи бу можаро марказига тушиб қолган.

Ўз оиласидаги бойлик талашуви ҳақида Британиянинг Times газетасига интервью берганини айтган Ойсултон Назарбоев¸ бунгача наркотик моддалар истеъмол қилиши ҳақидаги хабарлар билан жамоатчиликка танилган эди.

Хусусан¸ ўтган йил октябрь ойида 28 яшар Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилиниб¸ жамоат ишларига жалб қилинган эди.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, деб ëзилган эди суд қарорида.

XS
SM
MD
LG