Ссылки доступа

Хусусий мактабларда ҳам ҳижоб тақиқланиши мумкин


Ўзбекистонда давлат мактабларида ўқитувчилар ва ўқувчилар ташқи кўринишига қўйилган талаб эндиликда нодавлат мактаблари учун ҳам жорий этилиши мумкин.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида акс этган.

Вазирлар Маҳкамасидаги Таълимни назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси билан Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом ва “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзланмоқда.

Янги тартибга кўра, “таълим олувчиларнинг кийимига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик, ўғил бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўялган ҳолда келишларига, қиз бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўймаслик” кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси бўйича ташрифчиларнинг аксарияти мазкур ташаббус юзасидан танқидий фикр билдирганлар.

Лойиҳа муҳокамаси 8 мартга қадар давом этади.

XS
SM
MD
LG