Ссылки доступа

МДХ Миссияси Тожикистондаги сайловларни эркин ва рақобатли дея тан олди


Тожикистондаги парламент сайловлари «умумэътироф этилган демократик сайловлар ўтказиш принципларига мос келади ва очиқ, шаффоф ва рақобат асосида ўтди».

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар Миссияси Тожикистон парламенти қуйи палатаси Мажлиси намояндагонга бўлиб ўтган сайловларни кузатиш ва ўтказиш жараёнлари натижаларидан сўнг шу хулосага келди.

1 март куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларидан ҳукмрон Халқ демократик партияси ва ҳукуматпараст партиялар қониқиш ҳосил қилишди, биргина мухолифатдаги куч – Тожикистон Социал-демократик партияси сайлов натижаларини тан олмади.

12 март куни МДҲ кузатувчилар Миссиясининг эълон қилинган баёнотида таъкидланишича, Тожикистондаги парламент сайловлари мамлакат Конституцияси ва сайлов қонунларига мос равишда ўтказилди. Миссия сайлов комиссияси фаолиятида сайловларга тайёргарлик кўриш, сайловчилар рўйхатини тайёрлаш, депутатликка номзодларни кўрсатиш ва рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқоти ва сайлов кампаниясини ёритиш, шунингдек шикоятлар билан ишлашда бирор бир қонунбузилишларига йўл қўйилганини аниқламади.

«Миссия штаби сайлов кампанияси мониторинги доирасида сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ шикоят ва аризаларни кўриб чиқадиган республика тегишли идоралари билан ҳамкорлик қилди. Марказий комиссия маълумотларига кўра, 29 феврал ҳолатига кўра 15 та мурожаат олган, улар ўз вақтида кўриб чиқилди», дейилади баёнотда. Қандай мурожаатлар эканига ойдинлик киритилмади. Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш куни ва ундан кейин шикоятлар тушмади.

МДҲ кузатувчилар Миссияси Тожикистон бош прокуратурасига таянган ҳолда сайлов жараёни билан боғлиқ ҳуқуқ бузилишлари қайд қилинмаганини маълум қилди, республика судлари халқ депутатлари маҳаллий Мажлисларига бўлиб ўтган сайловларга оид иккита шикоятни кўриб чиққан. «Мажлиси намояндагон сайловлари билан боғлиқ шикоятлар судларга келиб тушмади», дейилади ҳужжатда.

Бироқ, сайловчилар ва журналистлар кўплаб қонунбузилишлари, жумладан фуқароларга бир нечта бюлетенларни бериш, қутиларга икки-учтадан бюлетенларни ташлаш ҳолатларига гувоҳ бўлишди. Овоз бериш жараёнидаги қонунбузилишлари акс этган видеолавҳалар интернетга жойлаштирилди.

МДҲ кузатувчилар Миссияси хулосасида таъкидланишича, 2020 йил 1 март куни Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Мажлиси намояндагонга бўлиб ўтган сайловлар Тожикистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунларига мос равишда ўтказилди, умум эътироф этилган демократик сайловлар ўтказиш принципларига мос келади ва очиқ, шаффоф ва рақобат асосида ўтди.

МДҲ кузатувчилар Миссияси таркибида 158 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтди, улардан 10 нафари узоқ муддатли асосда ишлашди.

ТСДП раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимовнинг фикрича, МДХ кузатувчилари овоз бериш жараёнида кўплаб қонунбузилишларига ва парламент сайловлари натижаларини сохталаштиришга кўз юмишган. Унинг айтишича, МДХ мамлакатлари умумий манфаатлар йўлида бирлашдилар, улар умуминсоний ва демократик қадриятларни, шунингдек адолатли ва эркин сайловлар борасидаги халқаро стандартларни инкор қилмоқда. «Бизда кўплаб қонунбузилишлари фактлари бор, бироқ уларни Марказий Сайлов комиссияси ва бошқа тузилмаларга тақдим қилмадик, чунки фойдасизлигини биламиз – уларни ҳеч ким кўриб чиқмайди», дея баёнот берди Ҳакимов Радио Озоди билан 12 март куни бўлиб ўтган суҳбатда.

Мажлиси намояндагон ва маҳаллий мажлисларга сайловлар 1 март куни бўлиб ўтди. Бу 2015 йил сентябрда бўлиб ўтган исёндан сўнг Тожикистон Ислом Уйғониш партияси қонундан ташқарида, дея эълон қилинганидан сўнг Тожикистонда ТИУПсиз ўтган биринчи парламент сайловидир.

Ҳозирча Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Миссияси Тожикистон парламенти сайлов мониторинги якунлари бўйича ўз хулосаларини билдирмади. Миссия раҳбари Пол Эберхард Радио Озодига берган интервьюсида, ўз фикрларини яқин икки ой мобайнида билдиришини таъкидлади.

Раҳмон президентлиги даврида бўлиб ўтган бирорта ҳам сайлов ғарб кузатувчилари томтонидан эркин ва адолатли ўтган дея тан олинмаган.

XS
SM
MD
LG