Ссылки доступа

Янгийўлда секс видеоси тарқаб кетган ўқувчи қиз ўзини осди. Прокуратура видеони чиқарганни қидирмоқда


Тошкент вилоят, Янгийўл туманидаги ўрта мактабнинг 11- синф ўқувчиси 9 март куни ўз уйи ҳаммомида осилган ҳолатда топилди. Синфдошларининг айтишича, ўлимидан олдин қизнинг номаълум йигит билан орал секс қилаётгани видеоси тармоқда тарқалиб, овоза бўлган.

Туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг айтишича¸ Н. қишлоғида 9 март куни юз берган воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) бўйича иш очиб суриштирув олиб борилмоқда.

Синфдошларининг иддаосича¸ Янгийўл туманидаги ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси юзи кўринмаган номаълум йигит билан орал секс қилаётгани видеоси овоза бўлиши ортидан ўзини осган. ​

Марҳуманинг синфдошларидан бири воқеа Янгийўл туманининг Н. қишлоғида 9 март куни бўлганини айтди.

Видео тарқаб кетганидан кейин қиз уйи ҳаммомига кириб ўзини осган.

- У эркак кимлигини билмаймиз. Видеода у кўринмайди. Бизнинг мактабдан, деб айтишяпти у болани. Шу бола бу қиз билан секс қилаётганини видеога тушириб, тарқатиб юборган. Ҳаммаси шу 9 март куни мактабдан кейин бўлаяпти. Видео тарқаб кетганидан кейин қиз уйининг ҳаммомига кириб ўзини осган. Ҳозир милиция мактабда болаларни бирма-бир сўроқ қилаяпти, - деди марҳуманинг синфдошларидан бири.

Марҳуманинг қўшнилари ҳам қиз секс видеоси чиқиб кетганидан сўнг ўзини осганини тахмин қилади.

- Телефонидан ҳалиги видео чиқибди. Шу видеони унга ҳам юборишган экан, кўриб иснодга чидай олмаган бўлса керак, ҳаммомда ўзини осиб қўйибди. Сешанба куни қизнинг жанозаси бўлди.

Қўшниларининг айтишича, қиз оилада икки фарзанднинг бири бўлган.

- Ювош қиз эди. Бу ерда айб кимдир шундан фойдаланиб видеосини чиқариб юборганида бўлаяпти. Шу видеони чиқиб кетиши бир қизнинг ўлимига сабаб бўлаяпти.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани Ички ишлар бўлимининг навбатчиси уйида осилган ҳолда топилган 17 яшар қизнинг ўлими юзасидан туман прокуратураси тергов олиб бораётганини билдирди.

- Бу бўйича 103-модда бўйича тергов олиб борилаяпти, сизга шундан ортиқ маълумот беролмайман, - деди ИИБ навбатчиси.

Ўзбекистонда секс можаро ёки зўрланиши ортидан қизларнинг ўз жонига қасд қилиши учраб туради.

XS
SM
MD
LG