Ссылки доступа

ССВ Олмалиқда коронавирус туфайли 17 киши ўлганига оид маълумотни рад этди


Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келгани, Олмалиқ шаҳрида ушбу вирус сабабли 17 киши вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиохабарга раддия берди.

ССВнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, бу маълумот “мутлақо асоссиз ва ёлғон”.

Вазирлик дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ва бу жараён қатъий назоратга олинганини яна бир бор эслатган.

Жумладан, давлат чегараларида мавжуд 53 та санитария-карантин пунктига қўшимча шифокор-мутахассислар, зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолият самарадорлиги кучайтирилган.

ССВ хабарномасида мамлакат бўйлаб “14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилгани, 2214 нафар фуқароларда эса тиббий кузатув давом эттирилаётгани” қайд этилади ва Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон-бир ҳолат аниқланмагани урғуланади.

XS
SM
MD
LG