Ссылки доступа

Ўзбекистон Эронга инсонпарварлик ёрдами йўллайди


Ўзбекистон ҳукумати Эронга тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юбориш тўғрисида фармойиш қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Фармойишда мазкур қарор Эрон ҳукуматининг коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур буюм ва воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатини қўллаб-қувватлаш, ушбу инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида олингани айтилади.

​Инсонпарварлик ёрдами бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ​ҳимоя комбинезони, ​махсус тиббий форма, ​тиббий ниқоблар, ​тиббий дока, ​тиббий спирт, гигиеник гель ва “Rutan” таблеткаларидан иборат.

Мазкур юкни Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигидаги ўзбек делегацияси кузатиб бориши ва топшириши айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда шу кунда COVID-19 вируси юқтириб олганлар сони 10 минг нафардан ошган, коронавирусдан қурбон бўлганлар сони эса 429 кишига етган.

Аввалроқ Ўзбекистон COVID-19 вируси энг кўп тарқалган Хитойга икки марта инсонпарварлик ёрдами йўллаган эди.

XS
SM
MD
LG