Ссылки доступа

Қозоғистонда “тинч намойишлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди, ҳуқуқ ҳимоячилари норози


Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Даурен Абаев 12 март куни мажлисда “тинч йиғилишлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, қонун лойиҳасини тўққизта минтақада муҳокама қилишган ва “барча таклифлар ҳисобга олинган”.

Абаевнинг айтишича, муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси “кўплаб ўзгаришларга учради”, рухсат берувчи жараён хабардор қилишлик билан “ўзгартирилди”, журналистларга тааллуқли айрим моддалар қисқартирилди.

Вазирга кўра, “Қозоғистоннинг конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга, унинг яхлитлиги ва давлат хавфсизлигига таҳдид солишга чақирувчи; ижтимоий, ирқий, диний, этник келишмовчиликларни авж олдирувчи; жамоат тартибини бузувчи, одамларга ҳаётини хавф остида қолдирувчи, транспорт иши ва инфратузилма ишига халал берувчи, хорижлик фуқаролар ва ташкилотлар томонидан молияланган, эктремизм ва террорчиликни молиялаштириш билан боғлиқ, қонунни бузган фуқаролар томонидан ташкиллаштириладиган тинч митинглар ўтказиш таъқиқланади”.— Жамоатчилик онгига митинглар маданиятини сингдириш вақти келди. Халқ митингларга чиқишни истамайди, агар халқ чиқишни хоҳласа, биз бундай ҳуқуқни беришимиз керак, — дейди Абаев.

Мажлисдаги муҳокамалар давомида қатор депутатлар полиция ва махсус бўлинмалар ишига доир таклифларни киритишди. Депутат Берик Дуйсенбиновга кўра, махсус кучлар ходимини ўзини тутиш этикаси тўғрисидаги қоидани киритиш зарур.

— Агар 25 киши кўчага чиқса, 250 нафар полициячи чиқарилади. Одамлар митингчилардан кўра кўпроқ махсус ходимлардан қўрқади. Махсус кучлар этикасига доир тузатишни киритиш керакмасмикан? Одамларни ушлаётган кўчадаги полициячилар вазир ва бошлиқларнинг фарзанди эмас. Уларнинг бари бизнинг болаларимиз. Биз уларни душманга айлантирдик, — деди у.

Ижтимоий ишонч Миллий кенгашининг аъзоси Мухтар Тайжан мажлисдаги тадбирда митинглар олдидан фаолларни ушлаш тўғрисидаги масалани кўтарди. Бунга ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев “у уйдан ҳам, бу уйдан ҳам одамларни олиб кетишмаяпти, қонун доирасида ишлашмоқда” деб жавоб берди.

Вазир Абаевнинг айтишича, янги қонун лойиҳаси мажлиснинг ишчи гуруҳида муҳокама қилинади, улар киритилган таклифларни ўрганиб чиқади. Тайжан ишчи гуруҳга жамоатчилик вакилларини киритишни сўради.

Ҳуқуқ фаоли Бахытжан Торегожинанинг айтишича, Абаев томонидан тақдим этилган қонун лойиҳаси “инсон ҳуқуқларини бузади”. "Мен мазкур қонун лойиҳасига рози эмасман. Бу тинч йиғишларда иштирок этишни ва сўз эркинлигини чекловчи қонун. Буни муҳокмма этаётганлар митингларга бормаган. Улар таклифни қандай киритиши ва танқид қилиши мумкин?", — дейди у.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ўтган йилнинг июнида омммавий норозиликлар ва уларнинг минглаб қатнашчиларини ушлаш билан кечган сайловдан кейин митинглар тўғрисидаги янги қонунни ва акцияларнинг рухсат беришдан хабардор этувчи хусусиятга ўтишни ваъда қилган эди.

Февралда ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага тақдим этди. Ҳужжатни ўрганган юристлар ҳукумат янги қонун лойиҳасига муайян чекловларни киритишга уринаётганини сезиб қолишди. Ферал охирида расмийлар ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар танқидларини эътиборга олишларини баён қилишди.

Ҳозирги вақтда қозоғистонликлар оммавий тадбирларни ўтказиш учун маҳаллий расмийларнинг рухсатларини олишлашга мажбурлар. Митинглар ва шунга ўхшаш бошқа акциялар турли баҳоналар билан рад этилади.

Мамлакат Конституциясининг 32 моддаси фуқароларга “тинч ва қуролсиз тўпланиш, йиғилиш, митинг ва намойишлар, юриш ва пикетлар ўтказишни кафолатлайди».

XS
SM
MD
LG