Ссылки доступа

ҚР ҳукумати “озиқ-овқат чайқовчиларига” нисбатан кескин чора кўрилишини ваъда қилди


Зарур эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан чайқовчилик ва асоссиз равишда нархларни оширувчиларга мамлакат қонунлари асосида кескин чора кўрилади. Бу ҳақда фавқулотда мажлисда бош вазир биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов маълум қилди, дея хабар берди ҳукумат матбуот хизмати.

«Биз биринчи кунданоқ мамлакатимизга нафақат коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишига қарши, балки иқтисодий барқарорликни сақлаш мақсадида ҳам иш олиб бораяпмиз. Бироқ кеча айрим бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини ёппасига сотиб олиш ҳолатлари кузатилди. Бу қўшни республикада коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳолат аниқланганидан кейинги психологик факт бўлиб, одамлар озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги эҳтимолидан ваҳимага тушиб қолишди. Аммо бундан айрим виждонсиз ва маъсулиятсиз тадбиркорлар шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишмоқда. Уларга аҳолининг хотиржамлиги эмас, балки фойда кўриш муҳимроқ. Шу сабабли тегишли идоралар бу каби ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фаолият олиб бормоқда. Барча давлат идоралари, туман ва вилоят раҳбарларига бу каби ҳолат такрорланмаслиги учун бозорлардаги вазиятни назорат қилиш топширилди. Чайқовчиликка алоқаси бор шахсларга нисбатан чора кўрилади, улар кескин жазога тортилади», - дея хукумат аппарати Бороновнинг сўзларидан иқтибос келтиради.

Унинг таъкидлашича, озиқ-овқат маҳсулотларининг заҳираси борасидаги оператив маълумотлар мамлакатда бу маҳсулотлар етарлича ғамлаб қўйилганини кўрсатмоқда. Кубатбек Боронов чегаралар беркитилиш борасида гап йўқлигини алоҳида таъкидлади. “Озиқ-овқатлар асосан Қозоғистондан олиб келинади. Бугун қўшни давлат билан чегаралар беркитилмаган. Ғалла, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг олиб келинишида узилишлар йўқ. Сизга маълумки, бош вазир Мухаммедкалий Абилгазиев Қозоғистон Республикаси бош вазири Асқар Мамин билан телефонда суҳбатлашди. Бу дегани чекловлар бўлмаслигини англатади», -деди Кубатбек Боронов.

Сўнгги бир неча кун ичида аҳоли ўртасида коронавирус тарқалиши туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги пайдо бўлиши мумкин, деган миш-мишлар тарқалгани боис маҳсулотларга қизиқиш кучайди. Шу сабабли бозор ва супермаркетларда биринчи эҳтиёж маҳсулотларига талаб ортиб кетди.

Таъкидланишича, нархларни оширишга уринган виждонсиз тадбиркорларга нисбатан тегишли идоралар томонидан судга қадар тергов ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG