Ссылки доступа

Қозоғистон фавқулотда ҳолат режимига ўтади


Қозоғистон 16 мартдан мамлакатда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида фавқулотда ҳолат режимига ўтади. Бу борадаги хабар Қозоғистон президенти сайтида пайдо бўлди.

«Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан COVID-19 янги коронавирус пандемия дея эълон қилиниши боис фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси қонунчилигига биноан 2020 йил 16 март соат 08 дан 00 дақиқа ўтганидан бошлаб Қозоғистон Республикасининг барча ҳудудларида 2020 йилнинг 15 апрели соат 07дан 00 ўтгунга қадар фавқулотда ҳолат жорий қилинсин», - дейилади қарорда.

Таъкидланишича, фавқулотда ҳолат режимини таъминлаш билан шуғулланувчи давлат комиссияси ташкил этилади. Қарорда фавқулотда ҳолат режими вақтида амал қиладиган чоралар рўйхати кўрсатиб ўтилган:

Жамоат тартибини кучайтириш, муҳим давлат ва стратегик, алоҳида режимли, режимли ва алоҳида қўриқланадиган, шунингдек аҳоли турмуш тарзини таъминловчи ва транспорт ҳаракатини таъминловчи объектларни қўриқлаш;

Йирик савдо объектлари фаолиятини чеклаш;

Савдо-кўнгилочар марказлар, кинотеатр, театр, кўргазма ва одамлар тўпланадиган бошқаобъектлар фаолиятини тўхтатиш;

Карантин жорий қилиш, шунингдек Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва ички ишлар идорларининг бўлинмалари иштирокида кенг қамровли санитария-эпидемияга қарши чораларни кўриш, аҳолининг санитар-эпидемиологик фаровонлиги борасида фаолият олиб бориш;

Томошабоп, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни, шунингдек оилавий, хотира тадбирларини тақиқлаш;

Қозоғистон ҳудудларига киришни чеклаш, шунингдек, Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Қозоғистонга келган халқаро ташкилотлар делегациялари аъзоларига тегишли транспортдан ташқари барча транспорт турларини чиқишини тақиқлаш.

Хабарларга қараганда, даволаниш ва тиббий кўрикдан бўйин товлаган шахслар устидан назорат хам кучайтирилади.

15 мартдаги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 9 та ҳолат қайд қилинган.

Шу билан тарқатилган хабарларга кўра,Олмаотада коронавирусга чалинган бемор жиноий жавобгарликка тортилган. Олмаота полиция департаментининг хабар қилишича, коронавирусга чалинган бемор аёллардан бири «санитария хизмати ишига тўсқинлик қилган ва касалликка чалинганидан сўнг ўзи билан мулоқотда бўлган фуқоролар ҳақида атайлаб маълумот бермаган».

Полициянинг маълумотига қараганда, коронавирусга чалинган бемор санитар қоидалар ва гигиена нормативлари ( Қозоғистон Жиноят кодексининг 304 моддаси)ни бузгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG