Ссылки доступа

Тожикистон АҚШ давлат департаменти танқидини «асоссиз» деди ва инкор қилди


Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатлар томонидан Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ танқидни «асоссиз» деди ва «мамлакат ички ишларига аралашиш» дея баҳолади.

Ташқи сиёсат маҳкамаси АҚШ давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасидаги доклад “мутлақо ички ҳужжат” эканлигини ва бу каби ёндашув икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар даражасига мос келмаслигини таъкидлайди.

«Бу каби ҳаракатлар умумэътироф этилган БМТ низомига, жумладан, суверенитет ва бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик принципларига мос келмайди», - дейилади Тожикистон ТИВ томонидан 13 март куни тарқатилган баёнотда.

11 март куни АҚШ Давлат департаменти жаҳондаги инсон ҳуқуклари билан боғлиқ вазият борасида ҳисобот эълон қилди. Унда аввалги йилларда бўлгани каби Тожикистон расмийлари мамлакатда сиёсий плюрализм тараққиётига тўсқинлик қилаётгани таъкидланади. АҚШ давлат департаменти Тожикистонни «авторитар мамлакат» дея атади ва «президент Эмомали Раҳмон ва унинг тарафдорлари катта сиёсий мавқега эга эканлиги»ни қайд қилди. «Мамлакатда қамоқхона расмийлари томонидан ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қотилликлар амал қилади, хорижий хукуматлар билан тил бириктирган ҳолда ҳукумат ўз оппонентларини сирли йўқ қилади, маҳбуслар қийноққа солинади ва уларга нисбатан шафқатсизларча муносабат қилинади", дейилади жаҳондаги инсон ҳуқуқлари вазияти тўғрисидаги ҳисоботда. Муаллифлар суд тизими мустақиллиги билан боғлиқ жиддий муаммоларни, қамоқхоналардаги инсон ҳаёти учун хавфли бўлган шароитларни, цензурани, вебсайтлар блокировкасини, диндорларнинг виждон эркинлиги кескин чекланишини, коррупция ва Тожикистон давлат тузилмаларидаги непотизм (қариндош-уруғчилик)ни тилга оладилар.

Тожикистон ТИВнинг ҳисоблашича, АҚШ давлат департаментининг ҳисоботида Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан объектив таҳлил йўқ, ҳужжатнинг ўзи эса сиёсийлаштирилган характер касб қилади.

АҚШ давлат департаментининг хабар қилишича, ҳисоботда одатга кўра, турли манбалардан, жумладан БМТдан олинган ишонарли ва текширилган маълумотлардан фойдаланилган. Бироқ Тожикистон ТИВнинг фикрича, ҳисоботда «аввалги ҳисоботлардаги ва Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ текширилмаган маълумотлар такрорланади». Душанбе АҚШ давлат департаменти ҳисоботи муаллифлари асосан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг салбий томонларига эътибор қаратганидан норози эканини билдирган. Тожикистон ТИВнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқиш ва баҳо бериш учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси ва Инсон хуқуқлари бўйича Кенгаши каби халқаро институтлар мавжуд бўлиб, ана ўшаларгина жаҳондаги мазкур муаммога баҳо бериши мумкин.

Душанбе Вашингтонга мурожаат қилар экан Тожикистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият бўйича “тасдиқланмаган ва асоссиз маълумотлар”ни тарқатишдан тийилиб туришни сўради. Тожикистон ТИВнинг таъкидлашича, мамлакат “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича жаҳон ҳамжамияти, жумладан АҚШ билан очиқ ва конструтив мулоқот ўрнатишга” ҳамиша тайёр.

XS
SM
MD
LG