Ссылки доступа

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4 нафарга етди


COVID-19 инфекцияси аниқланган тошкентлик аёлнинг ўғли ва қизида ҳам коронавирус аниқланди.

15 март ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонга 11 март куни Париждан келган тошкентлик аёлда коронавирус аниқланди, оила-аъзоларига қўшиб, жами 230 киши карантинга олинди.

- Текширув натижасида тошкентлик аёлнинг икки фарзандида ҳам коронавирус аниқланди.

- Шунингдек, 15 мартда Истанбулдан учиб келган ўзбекистонликда ҳам коронавирус аниқланди.

- 16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонда карантин бошланади, мамлакатга кириш-чиқиш тўхтайди, таълим муассасалари ёпилади, давлат идораларида мажлислар тўхтатилади.

COVID-19 инфекцияси аниқланган тошкентлик аёлнинг ўғли ва қизида ҳам коронавирус аниқланди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди:

“Бемор билан бирга мулоқотда бўлган барча оила аъзоларини ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилди. Мутахассисларимиз томонидан уларга тиббий назорат ўрнатилиб, ихтисослашган лаборатор таҳлилдан ўтказилди. Таҳлил натижалари беморнинг ўғли ва қизида коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди”, дейилади вазирлик хабарида.

Аёл билан бирга яшайдиган 10 нафар оила-аъзоси ҳам Вирусология институти клиникасига ётқизилганди.

Вазирлик оиланинг қолган 8 аъзоси вазиятига аниқлик киритмаган.

Расмий хабарга кўра, аёл яшаган кўпқаватли уйдаги хонадонлардан 230 киши тиббий кузатувга олинган.

Вазирлик шунингдек, ушбу оилага алоқаси бўлмаган бошқа бир ўзбекистонликда ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар қилди.

“15 март куни соат 05-15 да Ўзбекистон ҳаво йўллари авиа компаниясига қарашли Истанбул - Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция аниқланган. Лаборатор таҳлил республика Вирусология илмий текшириш институтида ўтказилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон: Хориждан қайтганлар санаторийда 14 кун карантинда бўлади

16 мартдан Ўзбекистоннинг хориж давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилгани сабаб чет элдаги ўзбекистонликларни ватанга қайтиши учун чартер рейслари ташкил қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, хориждан қайтган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинда сақланганидан сўнг, касаллик аниқланмаса, уйларига рухсат берилади.

Шодмоновга кўра, 15 март куни Жанубий Кореядан чартер рейс билан 250 нафар ўзбекистонлик олиб келинади.

Уларнинг бирортасига уйига боришига рухсат этилмайди. Уларнинг барчаси Тошкент вилоятидаги «Энергетик», «Бўстон» ва «Чотқол» санаторийларига 14 кунлик карантин учун жойлаштирилади.

Шодмонов хориждан қайтган ватандошлар санаторийларда тиббий текширувдан ўтказилиб, 14 кундан сўнг уларга жавоб берилишини таъкидлади.

Вазир текширув ва санаторийдаги 14 кунлик сарф-ҳаражат ким томонидан қопланишига ойдинлик киритмади.

XS
SM
MD
LG