Ссылки доступа

Президент тавсиясидан кейин Туркманистондаги давлат муассасаларида оммавий равишда исириқ тутатилмоқда


Глобал коронавирус пандемияси фонида Туркманистон расмийлари коронавирус мавзусини расман жуда кам кўтариб чиқади. Шундай муҳокамалардан бирида мамлакат президенти коронавирусга қарши кураш воситаси сифатида исириқдан фойдаланишни тавсия қилди.

Президент тавсиясидан сўнг Туркманистондаги барча давлат муассасалари ва мактабларда оммавий равишда исириқ (туркманча юзарлик - таҳ) тутатила бошланди. Бу ҳақда Азатлиқнинг Ашхободдаги мухбири хабар берди.

"Барча муассасаларда "юзарлик тутатилмоқда". Ҳар куни айланиб исириқ тутатишмоқда. Эрталаб, кундузи ёки кечқурун, бир кунда икки марта шу иш қилинади", дея 16 март куни хабар берди Азатлиқнинг Ашхободдаги мухбири.

13 март куни Туркманистон президенти баёнот берар экан, қадим-қадимдан исириқ “кўплаб касалликларнинг” самарали даъвоси бўлганини таъкидлаб ўтди.

«Минг йиллар давомида аждодларимиз турли ёмон иллатлар ва юқумли касалликларга қарши профилактиканинг анъанавий усулларини яратиб, унинг самарадорлигини исботлаб берган», дея баёнот берди Гурбангули Бердимуҳамедов давлат тараққиётига бағишланган мажлисда.

Азатлиқ мухбирларининг хабар қилишича, ҳукумат мунтазам равишда аҳолига мурожаат қилиб турли касалликларни даволашда қуритилган исириқдан фойдаланишни тавсия қилиб келади. Сўнгги ойларда давлат муассасалари, жумладан мактаб ва тиббиёт муассасаларида COVID-19 вирусига қарши даво сифатида исириқ тутатилмоқда.

Туркманистон расмийлари мамлакатда COVID-19 чалинган беморлар борлигини расман тасдиқламади, бироқ Радио Азатлиқ манбалари ​3 март куни Ашхободдаги юқумли касалликлар шифохонасида ушлаб турилган камида икки кишида касаллик аниқлангани борасида хабар берди.

Бугунги кунда Туркманистон коронавирусга қарши кураш мақсадида асосий чора сифатида мамлакатни ташқи дунёдан яккалаб қўйди. Қўшни давлатлар билан чегаралар беркитилди, деярли барча халқаро рейслар бекор қилинди, мамлакатга келган авиайўловчилар текширилмоқда, айримлари карантинга тушмоқда.

Шу билан бирга, Азатлиқ мухбирларининг хабар қилишича, мамлакатда карантин зоналари ташкил этилган, у ерда сақланаётганлар сони ортиб бормоқда. Транспортда, жумладан аэропорт ва темирйўл вокзалларида назорат кучайтирилган, йўловчиларнинг ҳарорати ўлчанмоқда.

XS
SM
MD
LG