Ссылки доступа

«Паём»: Литвада тожик мухолифатчиси Илҳомжон Ёқубов калтакланди


Ильхомджон Ёкубов
Ильхомджон Ёкубов

Европадаги Марказий Осиё мигрантлари Ассоциацияси раҳбари ва Тожикистон Миллий Альянси (мамлакатда тақиқланган) аъзоси Илҳомжон Ёқубов Литванинг Каунас шаҳрида калтакланди, дея хабар беради тожик мухолифатига яқин «Паём» вебсайти.

Тожикистонлик мухолифатчи сўнгги йилларда Болтиқ бўйидаги шаҳарлардан бирида истиқомат қиларди.

Ҳодиса 16 март куни юз берди. Илҳомжон Ёқубов Радио Озоди билан қисқача телефон суҳбатида айни дамда полиция бўлимида эканини ва ариза ёзаётганини айтди. У ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни тугагач суҳбатлашишини айтди.

Хабарларга кўра, полиция ходимлари мухолифатчига ҳужум қилган икки кишидан бирини ушлаган. Бироқ, Каунас шаҳар полицияси телефон орқали ОАВ билан суҳбатлашиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтиб, бу хабарни инкор ҳам қилмади ва тасдиқламади ҳам.

«Паём» вебсайтининг хабарига кўра, ҳужум оқибатида Илҳомжон Ёқубов бурни, боши ва белидан жароҳат олди.

Мухолифатчининг нашрга хабар қилишича, ҳужум қилганлар тожик бўлиб, улардан бири билан аввал таниш бўлган. Унинг айтишича, таниши уни машинага ўтиришга таклиф қилган, шундан сўнг калтаклай бошлаган. «Европадаги Марказий Осиё мигрантлари Ассоциацияси раҳбари ҳужум қилган шахсга зарба беришга муваффақ бўлди ва ҳаракатланаётган машинадан тушиб қолишга улгурди. Ҳужум қилганлар – профессионал спортсменлар эди. Ҳодиса гувоҳларидан бири полицияга хабар берди, шундан сўнг ҳужум қилганлар қочиб кетди», - дея ёзди вебсайт.

Бу хабарни бошқа манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Боксер ва Марказий Осиёнинг собиқ чемпиони Илҳомжон Ёқубов 2014 йилга қадар айни дамда Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг Сўғд вилоят бўлимига раҳбарлик қилган. У сиёсий сабаблар билан ватанни тарк этган ва Литвадан бошпана олган биринчи тожикдир.

2015 йилда Тожикистон Олий суди қарорига қадар Илҳомжон Ёқубов ТИУП фаолиятини тақиқлаш борасида таклиф билан чиққан эди. Кейинроқ Европада бўлар экан, бу баёнот Тожикистон расмийларининг босими остида берилганини маълум қилди.

Бир неча йил муқаддам Илҳомжон Ёқубовнинг исми-шарифи Тожикистон Миллий банки(ТМБ) томонидан тузилган “терроризм билан боғлиқ” жисмоний шахслар рўйхатига киритилган эди. 2018 йил баҳорида ТМБ уни мазкур рўйхатдан чиқарди.

XS
SM
MD
LG