Ссылки доступа

Қозоғистон расмийлари бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида 300 миллиард тенге ажратмоқчи


Қозоғистон тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида ҳукумат «камида 300 миллиард тенге» (тахминан 681 миллион доллар) ажратишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 16 март куни Қозоғистонда коронавирус туфайли фавқулотда ҳолат жорий қилишга бағишланган телемурожаатида маълум қилди.

«Биз коронавируснинг глобал иқтисодиётга ўта салбий таъсирини гувоҳи бўлиб турибмиз. Аслида гап бутун жаҳон савдо тизимининг қайта ташкиллаштириш ҳақида бормоқда. Қозоғистон мазкур чуқур инқироз оқибатларини ўзида ҳис қилади. Биз иқтисодий катаклизмаларга қарамай, ижтимоий кескинлик ва ишсизлик ўсишига йўл қўймаслик мақсадида барча зарур чораларни кўрамиз», — дея баёнот берди Тоқаев.

У Қозоғистоннинг халқаро заҳиралари 90 миллиард долларга яқин эканини таъкидлаб ўтди. «Бу бизнинг иқтисодиётимиз барқарорлиги сақланиши ва давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажаришдаги жиддий кафолатдир. Биз бюджет ҳаражатларини бандлик ва бизнесни таъминлашда максимал самара берадиган йўналишларга қаратамиз. Мамлакат тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини ташкил қилиш учун камида 300 миллиард тенге ажратилади», — деди Тоқаев.

Унинг сўзларига қараганда, «бизнесни кредитлаш даражаси қисқаришига йўл қўйиб бўлмайди», шунингдек «талаб юқори бўлган бир шароитда нархларнинг ошиб кетишига ҳам йўл қўйиш керак эмас». «Иғвогорона маълумот тарқатаётган ва ваҳима уруғини сепаётганлар қонун бўйича жазога тортилади», — деди Тоқаев.

Тоқаевнинг мурожаати давлат телеканалларида намойиш қилинди. Душанба куни эрталаб айирбошлаш пунктларида долларнинг сотилиш нархи тахминан саккиз фоизга (405 тенгедан тахминан 440 тенгега) кўтарилди. Нур-Султон вақти билан 14:30да айирбошлаш пунктларида доллар тахминан 438 тенгедан сотила бошланди.

Қозоғистонда 16 мартдан 30 кун муддатга фавқулотда ҳолат режими жорий қилинди ва бу муддат узайтирилиши мумкин. Унинг ҳаракати даврида йирик савдо объектларининг фаолияти чекланади, оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади, Қозоғистонга барча турдаги транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши чекланади.

16 март куни эрталаб Қозоғистонда коронавирусни рўйхатга олиш билан боғлиқ ўнта ҳодиса қайд қилинди. Расмийларнинг айтишларича, бу шахслар аниқланди ва изоляция қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 1641 киши стационар карантинга жойлаштирилди, уй карантинида эса — 981 киши бор. Яқинда уй карантинида бўлган одамлар сони 628 кишини ташкил қиларди.

XS
SM
MD
LG