Ссылки доступа

Қирғизистон хорижликларни мамлакатга киришини вақтинча тақиқлади


Қирғизистон ҳукумати ажнабийларни мамлакатга киришини вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Алтинай Омурбекова брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, бу каби чоралар жаҳонда коронавирус тарқалаётгани сабабли кўрилмоқда. Унинг таъкидлашича, бу борада ҳукумат фармойиши қабул қилинади. «Маълум процедуралар бор, бу ҳақда кейинроқ ТИВ маълум қилади. Биз бу каби огоҳлантирувчи чоралар тўғри дея ҳисоблаймиз», - деди Омурбекова.

Чекловлар бир ой муддатга жорий қилинади. Шу билан бирга юк ташувларга чекловлар қўлланилмайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирус тарқала бошлаганидан бери 182 мингдан ортиқ киши касалликка чалинган, вафот этганлар сони7 минг кишидан ошиб кетди, 80 мингга яқин киши соғайди.

Қўшни Қозоғистонда COVID-2019 аниқлаганидан сўнг фавқулотда ҳолат режими жорий қилинди. 17 март ҳолатига кўра бу мамлакатда 27 кишининг коронавирусга чалингани аниқланди. Ўзбекистонда эса вирусга чалинганлар сони 8 кишига етди.

Қирғизистонда эпидемиологик вазият барқарор экани айтилмоқда. Коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат расман рўйхатга олинмади.

XS
SM
MD
LG