Ссылки доступа

Коронавирус хавфи туфайли Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилди


18 мартдан бошлаб Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар вақтинча бекор қилинди, шу сабабли ҳам барча рейслар учун 1 майга қадар чипталар сотилиши тўхтатилди, дея Радио Озодига хабар қилишди Душанбе шаҳридаги авиакассалар.

«Сомон Эйр» авиакомпанияси ўзининг расмий сайтида авиачипталар сотилиши тўҳтатилгани борасида хабар қилди. Аммо Тожикистон фуқаро авиация Агентлиги, Душанбе шаҳридаги Халқаро аэропорт, шунингдек «Таджик Эйр» ва «Сомон Эйр» авиакомпаниялари ҳозирча Россия билан авиақатновлар тўхтатилгани ва ҳаво кемаларининг парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар ҳақида расмий баёнот бермади.

Сешанба куни Россия ҳукумати 18 мартдан 1 майга қадар парвозлар тўхтатилиши, мамлакатга хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаганларнинг кириши чекланиши борасида қарор қабул қилди.

Душанбедаги камида учта авиакасса ходимлари17 март куни Россия шаҳарларига 1 майга қадар бўладиган рейсларга авиачипталар сотилиши тўхтатилгани ҳақида расман огоҳлантирилганликлари борасида маълум қилдилар.

«Бизга чипта сотиб олган одамлар тез-тез мурожаат қилмоқда. Айримлари чипталарни топширишларини, айримлари эса шу йўналиш бўйича кейинроқ муддатга чипталар алмаштирилишини сўрашмоқда», - дейди пойтахтдаги авиакассалардан бирининг ходими Фаридун Халимов. Унинг айтишича,ҳозирча авиакассалар йўловчиларга чипталар учун пулларни қайтармаяпти – якуний қарорни кутишмоқда.

Душанбедаги «Уральские авиалинии» авиакомпаниясининг ваколатхонаси 17 март куни Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар 1 майга қадар тўхтатилганини тасдиқлади. «Йўловчилар яқин кунлар ичида бекор қилинган рейслар чипталарини қайтаришлари ва шу йўналиш бўйича парвозлар санасини ўзгартиришлари мумкин. Яқин бир ярим ой ичида парвозлар бўлмайди», деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган ходим. Унинг сўзларига қараганда, ҳар ойда авиакомпания самолётлари Россиядан Тожикистонга ва ортга 37 минг йўловчини ташийди.

РФ ҳукуматининг мамлакатга хорижликларнинг киришини вақтинча чеклаш борасидаги қарори пул топиш учун Россияга бормоқчи бўлган Тожикистон фуқароларини қайғуга солди. Душанбеда яшовчи Дилшод Нурбоевнинг айтишича, 18 март куни Хўжанддан Москвага «Уральские авиалинии» авиакомпанияси рейси билан йўл олмоқчи эди. «Афсус уйда қолишга тўғри келди. Авиакассада менга чоршанба куни бу рейс билан фақат Россия фуқароларигина учиб кета олишларини айтишди», - дейди Дилшод.

XS
SM
MD
LG