Ссылки доступа

Озарбайжонлик журналист Афғон Мухторли озодликка чиқди


2018 йилда олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган таниқли озарбайжонлик журналист-диссидент Афғон Мухторли озодликка чиқди. Бу ҳақда Фейсбукда унинг укаси журналист Рамзан Мухторли хабар берди.

Кавказ OC Mediа нашри Рамзан Мухторлига таяниб ёзишича, журналист озод қилинганидан сўнг Германияга йўл олди.

2017 йил 29 май куни Афғон Мухторли Тбилисидаги уйидан чиққан ва бедарак йўқолган эди. Бир неча кун ўтиб журналист Озарбайжонда экани маълум бўлди: у Тбилиси марказида ўғирлаб кетилган, бир неча киши уни боғлаган, калтаклаган ва бошига қоп кийдирилган ҳолда машинага ўтқазишган.

У Озарбайжонда давлат чегарасидан ноқонуний ўтганликда, контрабанда ва ҳукумат расмийларига қаршилик кўрсатишда айбланди.

2015 йилда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев оиласига тегишли коррупция суриштирувлари боис ўз хавфсизлигидан хавсираган Мухторли Озарбайжондан Грузияга қочиб ўтди. Журналистнинг қариндошлари Amnesty Internationalга Мухторлининг олдига озарбайжон тилида гаплашувчи шахслар тез-тез келиб туришини айтишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу кузатув эканига ишонишади.

Грузия ички ишлар вазири журналист чегарадан қандай ўтгани ўзлари учун қоронғу эканини айтди. Унинг айтишича, терговчилар 343 гувоҳни, жумладан Грузия-Озарбайжон чегарасидаги Логодех участкасининг 61 чегарачиси сўроқ қилинган, Тбилиси кўчаларидаги ўнлаб видеоёзувлар ўрганилган, озарбайжонлик журналистнинг барча телефон қўнғироқлари текширилган. Бироқ Мухторлининг ўғирланиши ёки унга нисбатан куч ишлатилиши билан боғлиқ бирор бир шубҳа топилмаган.

Грузия мухолифати журналист ўғирланиши туфайли юқори лавозимли грузин куч ишлатиш идоралари раҳбарларининг истеъфосини талаб қилди, уларнинг таъкидлашларича Мухторлининг ўғирланиши билан боғлиқ қарор энг юқорида қабул қилинган ва Грузия ё Озарбайжон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган ё уларнинг фаолиятига кўз юмган.

Грузия расмийлари Мухторлининг ўғриланишига алоқаси борлигини рад қилади ва озарбайжон махсус кучлари билан ҳамкорлик қилганини инкор қилган. Шунга қарамай юз берган ҳодисадан сўнг Грузия контерразведка ва чегара хизматларининг раҳбарлари мансабларидан озод қилиндилар.

XS
SM
MD
LG